Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида муддатли ҳарбий хизматни адо этиб қайтган ёшлар билан учрашув ўтказилиб, уларнинг келгуси режалари, бандлигини таъминлаш ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Туман ҳокими Бекзод Тошпўлатов “Андижон” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ёш — Муҳаммадқодир Қобулов, унинг ота-онаси ҳамда у таҳсил олган мактабнинг битирувчи синф ўқувчилари, ўқитувчилари ва маҳалладошлари билан учрашди.


Тадбирда Муҳаммадқодир Қобуловнинг ҳарбий хизмат давомида Фахрий қоровул сафида хизмат бурчини фаол адо этгани, “Мен ғолиб” фестивалида ғолибликни қўлга киритгани алоҳида таъкидланди. Шу муносабат билан ҳарбий қисм томонидан берилган эсдалик кўкрак нишони туман ҳокими томонидан унинг отасига тантанали равишда топширилди.

Самимий мулоқот давомида ёшларнинг келажак режалари билан қизиқилиб, уларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Масъулларга ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар юклатилди.

Шунингдек, туман ҳокими ўринбосари Раҳимберди Анкаев ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими раҳбари Фурқат Синдаров муддатли ҳарбий хизматни тамомлаб қайтган ёшлар билан учрашиб, уларнинг мақсад ва режаларини батафсил ўрганишди. Суҳбат давомида ёшларни иш билан таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликка жалб этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири