Бугунги глобаллашув шароитида ўзбек ёшларининг дунё миқёсидаги нуфузли таълим муассасаларига қабул қилинаётгани юртимиз таълим тизимидаги ижобий ўзгаришлар самарасини намоён этмоқда.
Айниқса, халқаро стандартлар асосида таълим олаётган иқтидорли ўқувчиларнинг ютуқлари мамлакатимиз ёшлари салоҳиятининг юксаклигини яна бир бор тасдиқламоқда.
Шу каби қувончли янгиликлардан бири шуки, Тошкент Халқаро Вестминстр университети академик лицейи ўқувчиси, “Лицей ифтихори” совриндори Мунира Оллоёрова АҚШнинг нуфузли Ivy League университетларидан бири — University of Pennsylvaniaнинг College of Arts and Sciences (Class of 2030) факультетига ўқишга қабул қилинди.
Мунира тўлиқ грант асосида таҳсил олиш ҳуқуқини қўлга киритди. Мазкур стипендия тўрт йиллик таълим харажатларини тўлиқ қоплайди ва унинг умумий қиймати 348 минг АҚШ долларини ташкил этади. Бу юксак натижа ўқувчининг чуқур билими, қатъияти ва тинмас меҳнати, шунингдек устозлари ҳамда ота-онасининг қўллаб-қувватлаши ва ишончи самарасидир.
Муниранинг ютуғи ўзбек қизларининг илм-фан ва таълим соҳасидаги салоҳияти тобора юксалиб бораётганининг ёрқин намунасидир. Бу каби муваффақиятлар нафақат шахсий ютуқ, балки мамлакатимиз таълим тизими ривожи ва ёшлар имкониятлари кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, кеча давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан ўтказган учрашувида ҳам иқтидорли ўғил-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг халқаро нуфузли олийгоҳларда таълим олиши учун янада кенг имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Таълим сифатини ошириш, замонавий билим ва кўникмаларга эга рақобатбардош ёшларни тарбиялаш давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири эканлиги қайд этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА