Яманнинг шимолий қисмини бошқараётган шиа ҳарбий-сиёсий ҳаракати “Ансор Аллоҳ” АҚШнинг Қизил денгиздаги “Harry Truman” авиаташувчисига зарба берди, деб хабар тарқатди хусийлар вакили Яҳё Сариа ижтимоий тармоқ орқали.
Хабарда ҳужум қанотли ракета ва дронлар орқали уюштирилгани айтилмоқда. "Турли тоифадаги қўшинлар биргаликда уюштирган амалиёт Американинг мамлакатимизга ва халқимизга нисбатан амалга оширган босқинчилигига қарши жавоб”, — дейилган баёнотда.
Сариа таъкидлашича, хусийлар ўз ҳаракати билан Қўшма Штатлар Яманнинг ҳарбий салоҳиятига таъсир кўрсата олмаганини тасдиқлайди.
Эслатиб ўтамиз, 15 март куни кечқурун Марказий қўмондонлик "АҚШ манфаатини ҳимоя қилиш, душманни тийиб қўйиш ва савдо кемалари қатновини қайта тиклаш" мақсадида “Ансор Аллоҳ” гуруҳига қарши кенг кўламли амалиёт бошланганини эълон қилган. Шундан буён ҳудудда 100 дан зиёд одам ҳалок бўлди. Хусийлар жавоб чораси сифатида Америка кемаларига зарба бермоқда.
Бу гуруҳ Яманнинг Қизил денгиз соҳилидаги салмоқли ҳудудини назорат қилади. Яқин Шарқда можаро кучайгач, ҳаракат Тель-Авивга алоқаси бор кемаларни ўққа тута бошлаган. Натиажада Сувайш канали орқали қатнов кескин камайди. Бундан ташқари, хусийлар вақти-вақти билан Исроил ҳудудига ракета ва учувчисиз учоқлар билан ҳужум уюштирмоқда. Улар ўз ҳаракатини фаластинликларга ёрдам бераётганликлари билан изоҳламоқда.
АҚШ, Буюк Британия ва Исроил Яманга мунтазам ракета ҳужуми билан жавоб бериб келади.
С.Раҳимов, ЎзА