Юртимиз олий таълим тизимида кейинги йилларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Университет, институтлар моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда. Айниқса, ўқитиш, малакали мутахассислар тайёрлаш соҳага халқаро тартиб, меъёрларни жорий этиш, ривожланган мамлакатлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Андижон давлат тиббиёт институти (АДТИ)да ҳам изчил иш олиб бориляпти.
Айни пайт Америка Қўшма Штатларида бўлиб турган институт ректори Мадаминжон Мадазимов бошчилигидаги делегация Элчи Фурқат Сиддиқов билан учрашди. Мулоқот давомида мамлакатимизда юқори салоҳиятли кадрлар кўплиги, айниқса тиббиётни ривожлантиришга давлатимиз раҳбари алоҳида эътибор қаратаётгани эътироф этилди. Мутахассислар халқаро миқёсда тажриба алмашиши соҳа тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши таъкидланди. Шунингдек, АДТИ ва АҚШнинг нуфузли олий таълим муассасалари ҳамда клиникалари ўртасида малака ошириш, академия алмашинуви, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.

Вилоят вакиллари дунёдаги етакчи тиббиёт марказларидан бири – Кливленд клиникаси Неврология маркази раҳбарияти ва экспертлари билан музокара давомида неврология ва нейрохирургия соҳасидаги илғор технология, эпилепсияни хирургик даволаш, инсультнинг олдини олиш мавзулари муҳокама қилинди. Айни йўналишдаги замонавий ютуқлар ўрганилди. Шунингдек, умумий стратегик ривожланиш режаси тузиб олинди.
Ташриф натижасида биргаликда илмий тадқиқот олиб бориш, мамлакатимизда илғор тиббиёт тажрибасини жорий этишга хизмат қиладиган муҳим келишувларга эришилди.
Делегациямизнинг АҚШга ташрифи давом этяпти. Сафар давомида Коламбус, Чарлстон ва Вашингтон шаҳарларида ҳам тадбирлар режалаштирилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА