АҚШ Президенти Йоханнесбургда бўлиб ўтадиган G20 конференциясига делегация жўнатмаслигини маълум қилди. Мазкур қарор Жанубий Африкада инсон ҳуқуқи бузилиши ҳолатлари кузатилаётгани билан изоҳланган.
- G20 саммити Жанубий Африкада ўтказилиши мутлақо шармандалик, - деб ёзган Трамп ижтимоий медиа платформасида. Африканерлар (голландиялик кўчманчилар, шунингдек француз ва немис муҳожирлари авлодлари) ўлдирилмоқда, уларнинг ери ва фермаси ноқонуний мусодара қилинмоқда. Инсон ҳуқуқи бузилиши давом этаркан, АҚШ ҳукумати бирор вакили конференцияда иштирок этмайди. Мен 2026 йил Майамида G20 анжумани ташкил этилишини интиқлик билан кутаман.
21 май куни АҚШ ва Жанубий Африка Президентлари Дональд Трамп ва Сирил Рамафоса Оқ уйда учрашди. Ўшанда Америка раҳбари ҳамкасбини “мамлакатдаги африканерлар ҳуқуқини суистеъмол қилиш”да айблади. Хусусан, бу айблов қишлоқ хўжалиги майдонларини этник озчилик, яъни мамлакат ерининг салмоқли қисмига эгалик қилувчи оқ танли африканерлардан мусодара қилишга имкон берувчи баҳсли қонунга тааллуқли.
G20 ёки Катта йигирмалик гуруҳи 19 суверен давлат, Европа Иттифоқи ва Африка Иттифоқидан иборат ҳукуматлараро форум саналади.
С.Раҳимов, ЎзА