АҚШ Экспорт-импорт банки билан стратегик шериклик мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи доирасида АҚШ Экспорт-импорт банки (U.S. EXIM Bank) президенти ва директорлар кенгаши раиси Жон Йовановични қабул қилди.
Америка банки раҳбари таъкидлаганидек, давлатимиз раҳбари билан суҳбат мамлакат иқтисодиётини модернизация қилишнинг асосий йўналишлари ва АҚШ компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди.
– Президент билан Ўзбекистонни модернизация қилиш, янги технологияларидан фойдаланиш ва замонавий қурилмалар сотиб олиш, шунингдек янада кучли, барқарор ва фаровон келажак қуриш учун Америка компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантириш йўлларини муҳокама қилдик, – дейди Ж. Йованович.
Унинг сўзларига кўра, икки томонлама иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш масаласи, юқори технологиялар, саноат ва инвестиция соҳасидаги шериклик истиқболига алоҳида эътибор қаратилди.
– Бугун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан АҚШ Экспорт-импорт банки ўртасида уч йиллик ҳамкорлик дастури имзоланди, – дея қўшимча қилди молиявий муассаса раҳбари. – Ушбу ҳужжат технология соҳасидаги шерикликни чуқурлаштириш, Президент Мирзиёевнинг стратегик қарашларига мос келадиган қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадини кўзлайди. Банкимиз Ўзбекистонни минтақа энергетика тараққиётига ҳисса қўшиш бўйича улкан салоҳиятга эга асосий ҳамкор сифатида кўради. Ўзбекистон ўсиш ва минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш учун мукаммал ҳолатда, деб ҳисоблаймиз. Фаровонлик ва хавфсизлик доимо ёнма-ён юради.
Суҳбат якунида Жон Йованович яқин келажакда Тошкентга сафар режалаштирилганини айтди:
– Инвестиция форумига бориш режамиз бор. Бугуннинг ўзида Президентга жамоамиз ҳамкорлик бўйича аниқ йўл харитасини ишлаб чиқиш учун тез орада Ўзбекистонга ташриф буюришини ваъда қилдим.
Абдуазиз Хидиров, ЎзА