АҚШ Конгрессидаги Демократлар партияси вакиллари Президент Дональд Трамп маъмуриятидан Россия энергетика соҳасига нисбатан жорий қилинган чеклов янада кучайтирилишини сўрамоқда. Улар айниқса РФ нефти Ҳиндистонга сотилишига изн берувчи қарор бекор қилиниши зарурлигини таъкидламоқда.
Конгрессмен Сэм Ликкардо ва сенатор Рубен Галего молия вазири Скотт Бессентга йўллаган мактубида Ҳиндистондаги нефтни қайта ишлаш заводлари учун жорий қилинган 30 кунлик имтиёзли муддатни кескин танқид қилган. Қонунчилик вакиллари айни қарор Америка манфаатига зид келиши мумкинлигини билдириб, бундай ёндашув Россия иқтисодиётига қўшимча даромад келтиришини қайд этган. Уларнинг фикрича, санкцияни юмшатиш нафақат асоссиз, балки хавфли ҳам бўлиб, рақиб давлатнинг молиявий имкониятини оширади.
Демократлар мазкур қадамнинг хавфсизлик билан боғлиқ эҳтимолий оқибатидан ҳам хавотир билдирмоқда. Яъни, "Москванинг Теҳрон билан ҳамкорлиги ва Яқин Шарқдаги АҚШ нишонларига ҳужум билан боғлиқ айрим хабарлар вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Шу боис санкция, ҳатто, қисқа муддатга бўлса-да юмшатилиши русларга қўшимча молиявий имконият бериши, бу маблағ Қўшма Штатлар ҳарбийларига қарши қаратилган ҳаракатни билвосита қўллаб-қувватлаши мумкин". Хуллас, Демократ қонунчилар Оқ уйни миллий хавфсизлик манфаатини устувор билишга, Россия энергетика секторидан тушадиган даромадни чеклаш сиёсатини давом эттиришга чақирмоқда.
Ф. Яхшибоева, ЎзА