АҚШ давлат қарзи илк бор 38 триллион доллардан ошди
Шу ҳафта, яъни 23 октябрь ҳолатига кўра, АҚШ давлат қарзи яна бир тарихий белгидан ўтиб, биринчи марта 38 триллион доллардан ошди. Бу ҳақда "FOX Business" хабар берган.
Ялпи давлат қарзи икки ой олдин, август ойи ўрталарида 37 триллион долларга етган, бундан бир йилдан камроқ вақт муқаддам, 2024 йил декабрида 36 триллион долларлик чегарадан ўтган эди.
Айни ҳолат сўнгги ўн йил ичида аҳоли тез қариши, ижтимоий таъминот ва тиббий ёрдам дастурлари рўйхати кенгайиши туфайли юз бергани айтилган.
Қарз ўсишининг яна бир муҳим омили инфляцияни жиловлаш учун жорий этилган юқори фоиз ставкаларидир. Шунингдек, федерал қарзга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фоиз ошиши ҳам вазиятни қийинлаштирган. Экспертлар фикрича, айни харажат охирги ўн йилликда Қўшма Штатларга тахминан 4 триллион долларга тушган, Кейинги 10 йил ичида ушбу кўрсаткич тахминан 14 триллион долларга кўтарилиши тахмин қилиняпти.
30 сентябрда якунланган энг сўнгги молия йилида федерал ҳукумат қарийб 1,8 триллион долларлик бюджет тақчиллигига дуч келди. Ижтимоий дастурлар ва қарз бўйича фоиз тўлов башорати ошиши келгуси йилларда янада салмоқли камомадга олиб келиши кутиляпти.
Йиллик бюджет тақчиллиги 2035 йил қарийб 2,6 триллион долларгача етиши, кейинги ўн йилликдаги умумий камомад туфайли давлат қарзига 22,7 триллион доллар қўшилиши фараз қилинган.
Аввалроқ америкаликларнинг қарзи рекорд даражага чиққани айтилган эди.