Пентагон маълумотига кўра, АҚШ ҳарбийларининг Эронга қарши амалиёти дастлабки икки куни америкалик солиқ тўловчиларга 5,6 миллиард долларга тушган. Бу ҳақда “The Washington Post” газетаси ёзди.
Хабарга кўра, ҳужум доирасида 2000 дан кўп аниқ йўналтириладиган ўқ-дори, жумладан круиз ракетаси ва бошқариладиган бомба Ислом Республикасидаги 5000 дан ортиқ нишонга зарба берган.
АҚШ Конгресси стратегик аҳамиятга эга ҳаво мудофааси ракеталари ва ўқ-дори жуда тез камайиб бораётганидан хавотир билдирган. Бундай аслаҳалар секин ишлаб чиқарилади ва захираси чекланган. Баъзи қонун чиқарувчилар фикрича, ҳозиргидек харажат бошқа эҳтимолий можаролар учун зарур қурол-яроқ етишмовчилигига олиб келиши мумкин.
Танқисликни қоплаш мақсадида ҳарбийлар қиммат ракета ўрнига арзонроқ лазер усулида бошқариладиган бомбага ўтди. Бинобарин, айни усул узоқ муддатли муаммоларни ҳал қилолмайди.
Айни пайт Трамп маъмурияти Эронга қарши ҳарбий ҳаракатни давом эттириш учун Конгрессдан ўнлаб миллиард доллар сўрашга тайёрланмоқда. Демократлар эса урушдан кўзланган мақсадни аниқроқ тушунтириш, умумий харажатни чамалаш талабини қўймоқда.
Американинг ҳаракатига жавобан, Ислом Республикаси минтақадаги АҚШ базаларига дрон ва ракета билан фаол зарба бермоқда. Можаронинг дастлабки кунларида 7 нафар америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.
Вазият кескинлашиб бораётган бир пайт АҚШ ҳудудга бошқа минтақалардан келтирилаётган “Patriot” ва THAAD ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими каби юқори технологияли қуролларни жойлаштиришга мажбур бўлмоқда. Бу эса дунёнинг бошқа қисмлари, жумладан Ҳинд-Тинч океани минтақасида мудофаа тайёргарлиги сустлашиши ҳақидаги хавотирни кучайтирмоқда.
Ҳарбий таҳлилчилар огоҳлантиришича, агар ўқ-дорига сарф шу суръатда давом этса, аниқ бошқариладиган қурол захирасини тиклаш йиллар талаб қилиши мумкин. Натижада Американинг бошқа эҳтимолий таҳдидларга тайёргарлигига сезиларли таъсирга учрайди.
Мудофаа мутахассислари Эрон билан можаро узоқ чўзилиши мумкинлиги, ўз навбатида ўқ-дори ва қурол янада кўпроқ маблағ талаб қилиши тахминини илгари сурган. Яъни, ҳозирги ҳарбий стратегия шароитида Конгресс ҳарбий амалиёт учун қўшимча маблағ тасдиқлашига тўғри келади.
Гўзал Сатторова, ЎзА