Янгийўл тумани ҳокими О.Атауллаев Малайзиянинг илғор қишлоқ хўжалиги технологиялари соҳасида етакчи бўлган “Meraque Group Snd Bhd” компанияси делегацияси билан учрашди.
Компания раҳбари Ли Исмаил бошчилигидаги меҳмонлар билан мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан 2024 йил февраль ойида имзоланган, ақлли қишлоқ хўжалиги техникалари ва дронларни маҳаллийлаштиришга қаратилган келишув битимининг амалий давоми кўриб чиқилди. Музокараларда меҳмонлар Янгийўл туманининг айнан аграр соҳага чуқур ихтисослашганини алоҳида эътироф этди.

Таъкидланганидек, ҳудуднинг полиз ва дуккакли экинлар етиштиришдаги бой тажрибаси мазкур компаниянинг энг сўнгги дрон технологияларини жорий этиш учун қулай ва муносиб замин яратади. Компаниянинг замонавий, юқори самарали дронлари нафақат ҳаводан, балки ер устида ҳам аниқ ҳаракатланиб, экинларга дори пуркаш сингари агрокимёвий ишлов жараёнларини юқори аниқлик, тезлик ва ресурсларни (сув, кимёвий воситалар) тежаган ҳолда бажаради.

Бундай илғор ёндашув ҳосилдорликни сезиларли даражада ошириш билан бирга, меҳнат сарф-харажатларини ҳам кескин камайтириш имконини беради. Замонавий технологияларни жорий этиш орқали нафақат далалардаги ҳосилдорликни ошириш, балки бутун аграр соҳанинг самарадорлигини юксалтириш ва халқаро бозорда рақобатбардошлигини кучайтириш имконияти пайдо бўлмоқда.

Жараёнда малайзияликларга ҳудуддаги далаларда сабзавот етиштириш ишлари кўрсатилди. Шундан сўнг “Тинчлик” кичик саноат зонасида корхоналарга яратилган шароитлар, мавжуд инфратузилмалар ва имкониятлар ҳам таништирилди.
А.Мусаев,ЎзА