Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида жойлашган Яшнобод маҳалласида “Қизилтепатумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан “Ақлли маҳалла” дастурига асосан бир қатор бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, ҳозирги кунга қадар маҳалладаги 1,5 километр газ қувурлари тартибга келтирилиб, 102 дона тиргаклар ўрнатилди ва 3,2 километр газ қувурлари бўёқланди.
– Маҳаллада табиий газ истеъмолчилар сони 130 тани ташкил этади, – дейди тумангаз газ таъминоти бўлими ходими Фазогир Муқимов. – Аҳоли истеъмолчилари 1 дона юқори босимли газ маромлаш қурилмаси ҳамда 7,5 километр узунликдаги турли хил диаметрдаги газ қувурлари орқали табиий газ билан таъминланади. “Ақлли маҳалла” дастурига кўра, ер остига қолган 0,5 километр газ қувурлари ер устига чиқарилди. 3,5 км газ қувурлари босим остига зичликка синалиб, тозалаш ишлари бажарилди. 1 дона юқори босимли газ маромлаш қурилмаси янгисига алмаштирилди. 220 дона маънан эскирган газ жиҳозлари хавфсиз, самарадорлиги юқори ҳамда энергия тежамкор жиҳозларга алмаштирилди.
Шунингдек, газ идораси ходимлари томонидан 35 та аҳоли хонадонларидаги электрон газ ҳисоблаш ускуналари кўчага чиқарилди. 65 та аҳоли хонадонларига регулятор ўрнатилиб, 3-босқичли тизимдан 2-босқичли тизимга ўтказилди ва 1 дона ўрта босимли газ маромлаш қурилмаси демонтаж қилинди.
– Маҳалламизда газчилар томонидан амалга оширилган ишлардан жуда хурсанд бўлдик, – дейди нуронийлардан бири Ислом Рустамов. – Илгари газ қувурлари бетартиб турарди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳозир ҳаммаси тартибли, бўёқланган, ер остидагилари ер устига чиқарилди. Буларнинг ҳаммаси маҳалламизда газ таъминотининг янада яхшиланишига хизмат қилмоқда.
Албатта, бу каби амалга оширилаётган чора-тадбирлар мамлакатимизда инсон қадри учун хизмат қилаётганлигидан далолатдир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири