“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Унда иштирокчилар “Электр энергия сотишни автоматлаштириш маркази” филиали фаолияти билан яқиндан танишди.
Тадбирда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Асроржон Асқаров жамият томонидан олиб борилаётган ишлар, ушбу марказ фаолияти ва тизимда олиб борилаётган рақамлаштириш жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот берди.
Унинг таъкидлашича, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан мазкур тизимни янада такомиллаштириш, истеъмолчиларга қўшимча қулайликлар яратиш борасида амалий ва тизимли ишлар олиб борилмоқда.
– Хусусан, яқинда ишга туширилган “ҲЕТ БИЛЛИНГ” дастурий комплекси ва унинг мобил илова имкониятлари истеъмолчилар учун катта қулайлик яратди. Ушбу тизим орқали улгуржи ва маиший истеъмолчиларга оид маълумотлар ягона базага жамланиб, электр энергияси ҳисобини рақамлаштириш, тўловларни онлайн амалга ошириш, техник воситаларнинг ҳолати ва ҳаракатини кузатиш, шахсий кабинет ҳамда мобил иловалар орқали маълумот алмашиш имконияти йўлга қўйилди. Шу тариқа, “ҲЕТ БИЛЛИНГ” ягона маълумотлар базасига эга бўлиб, бошқа рақамлаштирилган тизимлар билан интеграция қилиш имкониятлари кенгайтирилди.
Шунингдек, истеъмолчилар учун қулайлик яратиш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг het.uz сайти ва мобил иловасида электр энергияси харажати калькулятори жорий этилди. У орқали фойдаланувчилар сарфланган энергияни эски ва янги тариф ҳамда меъёрлар асосида солиштириб кўришлари мумкин. Жорий йил ноябрь ойига қадар 2 миллион 703 минг 996 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 2 миллион 648 минг 486 таси кўриб чиқилган. Бундан ташқари, мурожаатларни тезкор қабул қилиш ва ҳал этиш мақсадида вилоятлар бўйича ишонч рақамлари ташкил этилган. Улар орқали келиб тушган мурожаатлар тезлик билан тегишли туман таъминотчи корхона мутахассисларига етказилмоқда, – деди А.Асқаров.
Пресс-тур давомида журналистлар “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг туну кун ишлайдиган “1154” қисқа ракамли call-маркази фаолияти билан ҳам танишди. Шунингдек, унда мутахассислар томонидан АСКУЭ орқали истеъмолнинг суткалик, ойлик ва йиллик назорат юритилиши юзасидан батафсил маълумот берилди.
Мулоқот чоғида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Алвар Ғайбуллаев журналистларнинг саволларига жавоб берди. У ижтимоий тармоқларда тарқалган “ақлли” ҳисоблагичларнинг нотўғри ҳисоблаш билан боғлиқ ҳолатларни қуйидагича изоҳлади:
–Бугунги кунда “ақлли” ҳисоблагичлар нотўғри ҳисоблаяпти, деган фикрлар асоссиз. Чунки бу каби ҳолатлар бўйича жойига чиқиб ўрганишлар олиб борилганда, айни иддаолар ўз тасдиғини топмаган. Шунингдек, марказий база маълумотларига ташқи аралашув ёки рақамларни ўчириш имконияти йўқ. Буни ҳар бир ҳудудий бўлим ходими яхши билади. Ҳисоблагичларимиз аниқ ишлайди ва нотўғри кўрсатма бермайди. Уларнинг қиёслашдан ўтказилиши ҳам бизнинг масъулиятимизда. Айрим ҳолатларда истеъмолчилар томонидан ҳисоблагични бузиб кўриш ҳолатлари кузатилган. Биз бу жараённи халқаро тажриба асосида ўрганганмиз. Масалан, магнит ёрдамида ҳисоблагични тўхтатишга уриниш ҳолатлари бўлган. Шунинг учун “ақлли” ҳисоблагичларимизда бундай таъсирларга қарши мукаммал ҳимоя тизими жорий этилган. Агар ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатилса, бу ҳолат автоматик равишда ёзиб борилади. Бир ҳолатни мисол сифатида айтиб ўтиш жоиз, истеъмолчилардан бири ҳисоблагич нотўғри ҳисоблаяпти, деб иддао қилиб, уни очиб кўрган ва натижага эришолмаганидан сўнг ҳисоблагични ёқиб юборган. Кейинчалик бу ҳолатни ижтимоий тармоқларда тарқатган. Аммо ўрганишлар жараёнида аниқланишича, у ҳисоблагичга 28 марта таъсир ўтказиб кўрган. Биз бундай ҳолатларни осонликча аниқлай оламиз, – деди А.Ғайбуллаев.
Шунингдек, тадбирда Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳокимликларида “1055” қисқа рақами орқали мурожаатларни қабул қилиш тизими йўлга қўйилгани таъкидланди. Электр энергияси таъминотига оид мурожаатлар ҳокимлик ходимлари “Худудий электр тармоқлари” АЖнинг “Маълумотларни қайта ишлаш ва дастурий тизимларни такомиллаштириш” департаменти филиалидаги call-марказ операторлари билан телеграм мессенжери орқали маълумот алмашиш шаклида кўриб чиқилмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/NK1Mt3ioVkQ?si=_MqpS2nYF8PsDqSp" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева,
Нишонбой Абдувоитов,
Анвархўжа Аҳмедов (видео-монтаж),
ЎзА