Енгил атлетика бўйича миллий терма жамоамиз аъзоси Анвар Анваров 2025 йил 13-21 сентябрь кунлари Япониянинг Токио шаҳридаўтказиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Мамлакатимизда Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турларини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор самарасида спортчиларимиз халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олмоқда.

Улардан бири – енгил атлетикачи Анвар Анваров. У 2000 йили Бухоро вилоятида туғилган. Атлетимиз турли ёш тоифалардаги мусобақаларда ўзини кўрсатиб, 2020 йилда Ўзбекистон терма жамоаси аъзосига айланди ва Олег Сергеев қўл остида ўз маҳоратини оширди. Шаҳар ва мамлакат миқёсидаги мусобақаларда тобланиб, маҳоратини оширган атлетимиз терма жамоа таркибидаги илк совринига 2021 йил эришди.
Анвар ўша йили узунликка сакраш бўйича Ўзбекистон чемпиони сифатида Чирчиқ шаҳрида ўтган Р.Қудратов хотирасига бағишланган турнирда олтин медални қўлга киритган бўлса, Тошкентда ўтган III “Г.Арзуманов” хотирасига бағишланган халқаро мусобақада иккинчи бўлди.

Шунингдек, Қирғизистон, Қозоғистонда ташкил этилган нуфузли турнирларда шоҳсупага кўтарилди. 2022 йилда мамлакат чемпиони бўлган А.Анваров, Туркияда ўтказилган “Olimpik Deneme Yarışmaları” мусобақасида, V Ислом бирдамлиги ўйинларида ғолиб бўлди. Самарқанд шаҳри мезбонлик қилган Марказий Осиё очиқ чемпионати ва Тошкентда ўтган бир қатор мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. 2023 йил узунликка сакрашда юртимизда тенгсиз эканини исботлаган атлетимиз “Piraeus Street Long Jump” (Греция), “Atletica Geneve – EAP” (Швейцария) “Heino Lipp Memorial” (Эстония), “Таллин – 2023” (Эстония), Роберта Эммиян кубоги (Армения) каби мусобақаларда шоҳсупага кўтарилди.

Ўтган 2024 йил Франция, Кипр, Греция, Чехия, Швейцария, Венгрия Италия, Хорватия ва Швейцария давлатлари мезбонлик қилган нуфузли мусобақаларда кучли учликка кўтарилган ўзбек ўғлони “Париж-2024” Олимпия ўйинларида иштирок этди. Жорий йилги мавсум ҳам спортчимиз учун муваффақиятли ўтмоқда. У январь ойида Қозоғистонда ўтказилган биринчиликда кучли 10 ликдан жой олган бўлса, Тошкентда ўтган мамлакат чемпионати ва “UNG Meeting” ва “Г.Арзуманов” хотира турнирида олтин медалга эга чиқди. Шунингдек, “Мeeting Stanislas Nancy” (Франция) ва “Motonet GP Joensu” Финляндия мусобақасида совринли ўринларни эгаллади.

Швейцариянинг Лозанна шаҳрида енгил атлетика бўйича ўтган “Бриллиант лига” мусобақасининг навбатдаги босқичида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Анвар Анваров олтин медални қўлга киритди. Олимпия ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари, жаҳон енгил атлетикасининг энг номдор спортчилари иштирок этган мазкур нуфузли мусобақада ҳамюртимиз узунликка сакраш дастурида 7.84 метр билан энг юқори кўрсаткични қайд этди.
– Нуфузли мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқларим замирида Президентимиз томонидан мамлакатимизда спортни, жумладан, ёшлар ўртасида Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турларини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор мужассам, – дейди А.Анваров. –Японияда ўтадиган жаҳон чемпионатида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга бор куч-ғайратимни сарфлайман.
Анвар Анваров ўзбекистонлик ёш ва истеъдодли енгил атлетикачилар орасида миллий рекордни икки марта янгилади, халқаро ареналарда бир неча бор улкан натижаларни қўлга киритди. Хусусан, “Diamond League”да ғолиб чиқиши унинг халқаро даражадаги аҳамиятли ютуғи эканини кўрсатади. Олимпиада, жаҳон ва Осиё чемпионатларида барқарор иштирок этиши эса унинг салоҳиятини намоён қилиб турибди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА