
4 апрель куни диёримизда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити бўлиб ўтди. Анжуманнинг асосий натижаси якуний қўшма декларацияда акс этди.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги фаоллиги, нуфузли халқаро форум ва конференцияларни муваффақиятли ўтказаётгани, етакчи мамлакатлар билан тенг ҳуқуқли мулоқот олиб бораётгани юртимизни глобал саҳнада танитмоқда.
Европа Иттифоқи етакчилари Самарқандда икки минтақа ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ЕИ Марказий Осиё билан ўзаро манфаатли, чуқур ва истиқболли шериклик қуришга тайёрлигини таъкидлади:
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий меҳмондўстлик ва гўзал юртдаги қабул учун чуқур миннатдорлик билдираман. Илк саммитимиз қадимий Самарқандда – минтақада муҳим ўрин тутган масканда ўтказилгани рамзий маънога эга. Мен замонавий Самарқанд тарихи янги саҳифасига гувоҳ бўлганимдан фахрланаман. Зеро, бугун ҳамкорлигимиз янги – стратегик даражага кўтарилмоқда.
Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг беш давлати ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига 30 йил тўлди. Бошқача айтганда бизни боғлаб турувчи мустаҳкам ришталар аҳамиятини тўлиқ англаш пайти келди. Бугунги халқаро вазиятда қонун-қоидага асосланган, самарали ва адолатли мультилатерал тизимнинг аҳамияти беқиёс.
Учрашувимиз кўп томонлама шерикликни янада мустаҳкамлаш имконини яратиб, тинч ва фаровон жаҳон тартибини қўллаб-қувватлашга умумий интилишимизни тасдиқлайди.
Ўзбекистоннинг Самарқанд иқлим форумига мезбонлик қилиши алоҳида диққатга сазовор. Бу ташаббус минтақа учун ўта муҳим аҳамият касб этадиган иқлим ўзгариши ва сув ресурсларини бошқаришдек глобал муаммода ҳамкорлик жуда зарурлигини кўрсатади. Замонамизнинг энг долзарб таҳдидлардан бири сифатида айни масалага фақат узвий ҳаракат орқали ечим топишимиз мумкин.
Европа Иттифоқи Марказий Осиё учун асосий инвесторлардан бири, минтақанинг иккинчи йирик савдо ҳамкори. Энди ҳамкорлигимизни янада юқори босқичга кўтариш вақти келди. Иқлим ўзгариши фақат минтақа манфаати эмас, балки дунё барқарорлиги, хавфсизлиги ва фаровонлиги учун ҳам умумий ҳаракатни талаб қилади.
Қайд этиш керак, сув танқислиги, ҳаво ифлосланиши, табиий муҳит бузилиши ва биология хилма-хиллиги йўқолиши ҳар икки томон учун жиддий таҳдид.
Сўнгги йилларда Иттифоқ 2019 йил қабул қилинган Марказий Осиё стратегияси, 2023 йил тасдиқланган ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича Йўл харитаси ҳамда Европа Иттифоқи Глобал дарвозаси стратегияси доирасида ҳамкорликни фаоллаштирди. Ҳозир рақамли технология, транспорт ва хом ашё соҳасида янги йўналишларни ўрганяпмиз.
Умумий стратегик шериклик самарадорлигини ошириб, аниқ натижага эга тизим яратишимиз шарт. Бугунги дунёда хавфсизликка оид муаммо чуқурлашмоқда. Бундай таҳдидлар трансчегаравий тусга эга. Ҳеч бир минтақа айни хавфдан холи эмас. Шунинг учун икки томонлама, минтақавий ва халқаро миқёсда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашимиз зарур.
ЕИ Марказий Осиё учун хавфсизлик соҳасида кўп йиллик шерик. Чегарани бошқариш ва гиёҳванд моддаларга қарши курашиш дастурлари минтақага интилишимиз инъикоси. Шунингдек, терроризмнинг молиявий манбаларини тўсиш ва радикаллашув олдини олишда ҳам бирга ишлаймиз.
Мунтазам равишда ўтказиладиган гиёҳванд моддаларга қарши амалиёт соҳадаги ҳамкорликни кучайтириш имконини беради. Айниқса, биргаликда терроризм ва зўравон экстремизмга қарши махсус мулоқот бошлашга келишганимиздан мамнунман. Бу умумий хавфсизлик таҳдидини йўқотишга йўналтирилган муҳим қадам.
Фурсатдан фойдаланиб, Қирғизистон ва Тожикистонни 13 март куни имзоланган тарихий чегара битими муносабати билан қутлайман. Бу нафақат икки давлат, балки бутун минтақа учун улкан ютуқ. Нотинч замонда низоларни шундай тинч йўл билан ечиш намунаси жуда зарур.
Афғонистон билан боғлиқ терроризм, зўравон экстремизм ва гиёҳванд моддалар савдоси хавфи Европа учун ҳам жиддий таҳдид туғдирмоқда. Марказий Осиё бу муаммони бартараф қилишда улкан тажрибага эга. Демак, биргаликда минтақа барқарорлигини таъминлаш устида ишлашимиз мумкин.
Бугунги дунёда маълумотни суистеъмол қилиш мақсадида тарқатилаётган сохта хабарлар – дезинформация кучайиб бормоқда. Европа Иттифоқи бу таҳдидни жуда жиддий қабул қилиб, ички ва ташқи ҳамкорлар барқарорлигини мустаҳкамлашга содиқ.
Ҳозир Украинада адолатли ва барқарор тинчликка эришиш учун янги имконият пайдо бўлган. Бу жараённи биргаликда қўллаб-қувватлашимиз лозим. Европа Иттифоқи жараёнга ҳисса қўшишга тайёр. БМТ Низомида белгилаб қўйилган тамойиллар фақат қоғоздаги сўзлар эмас, инсоният тинчлиги, халқлар фаровонлигини таъминлашга қаратилган умумий ваъдаларимиздир.
Илк саммитимиз ишончга асосланган минтақавий ҳамкорлик жаҳон саҳнасида барқарорлаштирувчи вазифасини бажариши мумкинлигининг яққол намунасидир. ЕИ Марказий Осиё билан ўзаро манфаатли, чуқур ва истиқболли шерикликка тайёр. Биз келажакка умид ва ишонч билан қараймиз, шиоримиз – “Келажакка сармоя” иборасини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Муносабатларимиз ҳеч қачон бу даражада мустаҳкам бўлмаган. Энди янада юқори мақсадлар сари одимлаш фурсати етди. Қўшма стратегик шерикликнинг янги саҳифаларини биргаликда ёзамиз!
Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.
ЎзА мухбири