Ангрен шаҳри аҳолиси Қурбон ҳайити кунлари совға билан сийланди. Хитойдан 15 та замонавий автобус олиб келингани натижада “Angren Avto Group” корхонасида яна 40 та қўшимча янги иш ўрни яратилди.
Шу муносабат билан жамоатчилик иштирокида автобусларнинг йўналишларга чиқариш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.


Ҳудудларда аҳолига яратилаётган бу каби қулайликлар йил сайин кўпайиб, қатнов сифатини оширишга хизмат қилиши айтилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Yutong Bus” компаниясида олиб келинган мазкур жамоат транспортлари экологик тоза, ҳар томонлама қулай ва замонавий бўлиб, 26 ўриндиқли бўлиб, иқлимга мос совитиш ва иситиш воситалари билан жиҳозланган. Шунингдек, GPS тизими ҳамда махсус видеокузатув камералари ҳам мавжуд. Салонга электрон тўлов тизими ўрнатилган бўлиб, бу билан аҳолига қулайлик яратилган.


Эндиликда шаҳар ичидаги “Ҳакарман Янги жигаристон” МФЙдан Болалар шифохонасигача, Янгиобод йўли-Темир йўл вокзалидан Зарбулоқ маҳалласигача бўлган йўналишларга ушбу автобуслар қатнай бошлади. Бир кунда ўртача 15 минг нафардан зиёд йўловчига хизмат кўрсатиш имкони бўлган автобусларда йўл ҳаққи нақд тўловда 2 минг 500 сўм, электрон тўловда 1 минг 700 сўм этиб белгиланди.


А.Мусаев, ЎзА