
Футбол бўйича Англия кубоги доирасида "Манчестер Сити" ва “Лейтон Ориент" жамоалари ўзаро рақобатлашди. Ушбу ўйин 2:1 ҳисобида "МС" фойдасига якунланди.
Мазкур беллашувнинг иккинчи бўлимида миллий терма жамоамиз аъзоси Абдуқодир Ҳусанов Витор Рейс ўрнига захирадан ўйинга қўшилди. Қувонарлиси, 56-дақиқада Рико Льюиснинг кучли зарбаси Абдуқодирнинг елкасига тегиб, рақиб дарвозасидан жой олди. Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, мазкур гол Ўзбекистон тарихида Англия кубогида ўзбек футболчиси киритган илк гол сифатида тарихда қолади.
Шунингдек, 20 ёшли футболчимиз ўйин давомида 2 бора тўпни олиб қўйган бўлса, 1 марта зарбаларга блок қўйди. Ўйин давомида 57 бора тўпга тегиниб, 48 та пас беришга муваффақ бўлди. Уларнинг 45 таси жамоадошларига аниқ етиб борди. Узоқ масофага эса бир марта тўпни узатди, у ҳам бўлса шеригига аниқ борди.
Иккинчи қаватдаги курашларнинг 2 тасидан 1 тасида ғалаба қозонишга ҳам муваффақ бўлди. 49 дақиқа давомида ҳамюртимиз 4 бора тўпни йўқотишга ҳам улгуриб, 1 бора рақибларига нисбатан қоидани бузди. "Sofascore" портали миллий терма жамоамиз аъзосининг ушбу ҳаракатларини 7.8 баллга лойиқ кўрди.
Учрашувда Кевин де Брюйне “Манчестер Сити”нинг иккинчи голига муаллифлик қилди.
Маълумот ўрнида: Хосеп Гвардиола бошчилигидаги "Манчестер Сити" навбатдаги беллашувини 11 февраль куни Мадриднинг "Реал" клубига қарши ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА