Ҳа, шундай. Опера қўшиқларининг моҳир ижрочиси, италиялик дунёга машҳур тенор – Андреа Бочелли бугун кечки пайт Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида жонли концерт беради.
Айни пайтда Регистон майдонида улкан саҳна ўрнатилиб, томошабинлар учун жойлар ҳозирланган.
Концерт дастури Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Миллий банки ҳамда “Ўзсаноатқурилишбанк” кўмагида ташкил этилмоқда.
Маълумотларга кўра, концерт чипталарининг катта қисми хорижликлар ва айни пайтда юртимизда бўлган чет эллик сайёҳлар томонидан харид қилинган.
Ушбу концертга келиб кетувчиларга қулайлик яратиш мақсадида бугун “Тошкент-Самарқанд” йўналишида “Афросиёб” тезюрар поездининг иккита қўшимча қатнови амалга оширилмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг маълум қилишича, нуфузли маданий дастурнинг юқори савияда ўтиши ва томошабинлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида концерт пайтида Регистон майдони атрофидаги йўлларда транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири