Бугун Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида концерт дастури намойиш этиладиган жаҳон опера юлдузи Андреа Бочелли йирик маданий дастур олдидан “FIDE Grand Swiss” халқаро мусобақасида қатнашиш учун Самарқандга келган шахматчи болалар билан учрашди.
Италиялик санъаткор халқаро турнирда иштирок этадиган “Wunderkind”, “Sky Chess”, “Royal Chess”, “Grandmaster” жамоалари шахматчилари билан дилдан суҳбатлашди. Ёш шахматчилар ижод ва спорт ҳақидаги саволларига жавоб олишди.

Андреа Бочелли ўз навбатида ёшлар орасида спорт ва маданиятнинг ривожланиши муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. У шахмат ихлосманди сифатида бу спорт тури инсон тафаккурини, мусиқа эса руҳиятни бойитишини айтиб, ёш спортчиларга омад тилади.

Эслатиб ўтамиз, Андреа Бочелли концерти Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Миллий банки ҳамда “Ўзсаноатқурилишбанк” кўмагида ташкил этилмоқда.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари