Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Депутатлар дастлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 15-16 февраль кунлари Андижон вилоятига ташрифи якунларидан келиб чиқувчи устувор вазифаларни муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, Президентнинг Андижонга ташрифи кенг қамровли, самарали бўлди. Аҳоли, жамоатчилик вакиллари билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, устувор масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, Хонобод шаҳрида Президент раислигида ўтказилган йиғилишда Андижон вилоятида саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, туризм ва ижтимоий соҳалар юксалаётгани, шу билан бирга, ҳали фойдаланилмаган имкониятлар ҳам кўплиги айтилди. Шундай имкониятларни ишга солиш бўйича чоралар ва масъуллар белгиланди.
Йиғилишда сўз олган фракция аъзолари вилоятда тадбиркорлик ва фермерлик фаолияти кенг ривожлангани, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш бўйича салмоқли ишлар бажарилгани, ташриф давомида белгилаб берилган вазифалар ЎзЛиДеП ва унинг парламентдаги фракцияси зиммасига ҳам катта масъулият юклашини қайд этдилар.
Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар партия фаоллари, депутатларни ушбу жараёнларда фаол иштирок этишга ундаши, амалий саъй-ҳаракатлар орқали депутатлар ҳам вилоятнинг янги босқичдаги тараққиёти учун ўз ҳиссасини қўшиши кераклиги айтиб ўтилди.
Муҳокамалар, савол-жавоблар давомида Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи якунларидан келиб чиқиб, партия ва фракция олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Шундан сўнг кун тартибидаги бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА