Мамлакатимизда кейинги йилларда маҳалла тизими фаолиятини қўллаб-қувватлаш, такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада маҳалланинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузи янада ортмоқда.
Буни мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллик байрами муносабати билан Андижон вилоятидаги 19 та маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси, шунингдек, 13 та маҳаллада сервис компаниялари учун хизмат бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилганлиги мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

– Жорий йилда вилоятдаги 83 та маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бинолар қурилиши ва таъмирланиши режалаштирилган, - дейди Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Нишонов. – Бугунги кунга қадар 42 та маҳаллада янги бино қурилиб, 9 тасида таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Бундан ташқари, кейинги йилларда маҳаллалар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида вилоят маҳаллалар уюшмаси ҳамда туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан кўплаб маҳалла фуқаролар йиғинларига компьютер ва мебель жиҳозлари тўпламлари топширилди.
Вилоятда мазкур йўналишдаги ишлар изчил ва режа асосида давом этмоқда. Мустақиллик байрами муносабати билан вилоятдаги 19 та – Андижон шаҳридаги Бўстон, Обод, Темур Малик, Қорақўрғон, Жалақудуқ туманидаги Тошлоқ, Узункўча, Шаҳрихон туманидаги Вахм, Янги Вахм, Қумариқ, Янги Обод, Терактаги, Навбаҳор, Шаҳрихон, Тараққиёт, Балиқчи туманидаги Омонариқ, Товулди, Адолат, Улуғнор туманидаги Шаҳриобод, Олтинкўл туманидаги Мустақиллик маҳалла фуқаролар йиғинининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.

– Ҳозирга қадар 1 минг 350 дан ортиқ оила, 4 минг 300 нафардан зиёд аҳоли яшайдиган маҳалламизнинг алоҳида идораси бўлмаган, - дейди Шаҳрихон туманидаги “Навбаҳор” МФЙ раиси Гулнозахон Кимсанова. – Кўп йиллар тадбиркорларга тегишли биноларда ижарада туриб, ишлашимизга тўғри келди. Туман ҳокимлиги, Маҳалла уюшмаси туман бўлими ташаббуси билан ҳомийлар кўмагида маҳалламиздаги эски, фойдаланилмасдан турган бино қайта қурилиб, маҳалла учун идора қилиб берилди. Бунинг учун ҳомийларимиз томонидан 400 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди.

Мустақиллик байрами арафасида маҳалла янги биносининг фойдаланишга топширилиши маҳалла аҳли учун қўшалоқ байрамга айланди. Шу куни маҳалламиздаги эҳтиёжманд ҳамда боқувчисини йўқотган икки оиланинг фарзандларига хатна тўйи ўтказдик. Тадбиркор ва косиб-ҳунармандларимиз томонидан маҳалламиздаги 150 нафар ўқувчига ўқув қуроллари, бир жуфтдан оёқ кийими – пойабзал совға қилинди.

Эндиликда маҳалланинг янги биносида “маҳалла еттилиги” аъзоларининг ҳар бири учун алоҳида хоналар ажратилди, уларнинг самарали иш олиб боришида зарур барча шароитлар яратилди.
Яқин кунларда ҳомийлик асосида маҳалланинг янги биноси мебеллар билан жиҳозланади.

Байрам шукуҳи кезаётган шу кунларда Жалақудуқ туманидаги “Узункўча” маҳалла фуқаролар йиғини учун ҳам замонавий бино қурилиб, фойдаланишга топширилди.
– Қурилиб, фойдаланишга топширилган маҳалланинг янги биноси мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий ифодаси, - дейди Жалақудуқ тумани ҳокими Ҳикматулло Латипов. – Маҳалла тизимининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишга қаратилган бу каби ишлар туманимизда изчил давом эттирилади.

Маҳалла янги биносининг қурилиши учун жами 3 миллиард 118 миллион сўм маблағ сарфланди. Янги бино маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини самарали ташкил этиш, аҳоли билан яқин мулоқотни кучайтириш, халқнинг давлатга, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.


Мухтасар айтганда, бугун вилоятдаги аксарият маҳалла фуқаролар йиғинлари идораларида масъулларнинг самарали ишлаши учун зарур барча шароитлар яратилган. Бу аввало, маҳалла ободлиги, тинчлик-хотиржамлиги, аҳолининг ҳамжиҳат ва тотувлигини янада мустаҳкамлаш, умуман, унинг нуфузини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари