
Президент топшириғи – амалда
Президентимиз ўтган йилнинг февраль ойида Андижон вилоятига ташрифи чоғида Заргарлик марказини ташкил этиш ҳақида айтган эди.
“AYISTA GOLD” масъулияти чекланган жамияти томонидан Андижон шаҳрида Заргарлик марказининг қурилиши якунига етказилмоқда.

Барча талаблар асосида жиҳозланган янги заргарлик марказида маҳаллий ишлаб чиқариш ва савдо майдончалари мавжуд ҳамда олтин захираларини сақлаш, уларнинг асиллик даражасини аниқлаш имкониятлари яратилади.
Марказнинг ертўла қисмида ишлаб чиқариш цехлари, 1-, 2- ва 3- қаватларида сотув бўлимлари, кўргазма заллари, бешинчи ва олтинчи қаватларда эса офислар, кафе, маиший хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади.

Умумий қиймати 2 миллион долларга тенг лойиҳа доирасида ташкил этилаётган марказда йилига 200 хил дизайндаги 60 килограмм заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилади, 50 та янги иш ўрни яратилади.
Асосийси тарқоқ ҳолда, турли шароитларда фаолият олиб бораётган 40 нафардан ортиқ ҳунарманд заргарлар, 60 нафарга яқин заргарлик буюмларининг сотувчилари бир жойга жамланади. Уларнинг самарали иш олиб бориши учун зарур шарт-шароит ва қулайликлар яратилади.
Марказга Озарбайжондан дизайнер заргарлар жалб қилинган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ўтган 2024 йилда андижонлик заргарлар томонидан қарийб 70 килограмм олтин ва кумушдан бўлган заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилган.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.