Мамлакатимизда истеъмолчиларни сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Аҳоли хонадонлари, ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш борасида “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Андижон ҳудудий филиали, туман, шаҳар электр таъминоти корхоналари томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, кейинги йилларда вилоятда электр таъминотини яхшилаш бўйича эътиборга молик қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Андижон вилоятида 86 маҳалла танлаб олинган. Ана шу маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун 285 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Танлаб олинган маҳаллаларга электр энергияси барқарор етказиб берилишини таъминлаш, яъни 181 та трансформаторни янгилаш, 338,4 километр узунликдаги электр тармоғини реконструкция ва модернизация қилиш учун 80 миллиард 409 миллион сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган.
Дастур доирасида йилнинг биринчи ярмида 83 та маҳаллага 7 минг 205 дона темир-бетонли устун ўрнатилди, 177,6 километр узунликда электр тармоғи тортилди, 112 дона янги трансформатор пункти барпо этилди.
Бундан ташқари, 2025-2026 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 2 минг 146,4 километр узунликдаги 0,4-6-10 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларини, 835 дона трансформатор пунктини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг биринчи ярми давомида 1 минг 753 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи, 630 дона трансформатор мукаммал таъмирланди. Бу ишларни амалга ошириш учун 1 миллиард 809 миллион сўм маблағ сарфланди. Натижада вилоятнинг турли ҳудудларида яшовчи 68 минг нафардан зиёд аҳоли хонадонларининг электр энергияси таъминоти янада яхшиланди.
Вилоятда истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлаш, қарздорликни камайтириш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. “Энергосавдо” филиали Андижон бўлинмаси томонидан 2025 йилнинг биринчи ярмида етказиб берилган жами 1 триллион 291 миллиард сўмлик электр энергияси учун тўловлар истеъмолчилардан тўла ундириб олинди.
2025 йил 1 январ ҳолатига жами дебитор қарздорлик 576 миллиард 872 млиллион сўмни ташкил этган бўлса, 1 июль ҳолатига дебитор қарздорлик 553 миллиард 349 миллион сўмни ташкил этди ёки йил бошига нисбатан жами қарздорлик 23 миллиард 523 миллион сўмга камайтирилди.
2025 йил давомида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган (АСКУЭ) тизими барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида тизимга мос келмайдиган эски турдаги ҳисоблагичларни янги, замонавийларига алмаштириш режалаштирган бўлиб, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан 4 минг дона эски ҳисоблагич АСКУЭ тизимига мос келувчи янги, замонавий ҳисоблагичларга алмаштирилди.
[gallery-24669]
Амалга оширилган юқоридаги ишлар натижасида вилоятда аҳоли ва улгуржа истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш сифати янада яхшиланди. Мазкур йўналишдаги ишлар режа асосида давом эттирилмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари