Мамлакатимизда гидроэнергетика соҳаси барқарор ривожланиш ва экологик тозаликни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Хусусан, кичик ва микро ГЭСларни қуриш орқали табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, аҳолига узлуксиз электр энергиясини етказиб бериш ҳамда иқтисодий харажатларни камайтириш мумкин.
Бу турдаги станциялар қишлоқ жойлардаги энергия таъминотини яхшилаб, маҳаллий инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, улар атроф-муҳитга кам таъсир қиладиган, экологик хавфсиз ва иқтисодий жиҳатдан самарали ечим ҳисобланади.
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқарама бошлиғи Авазбек Зокиров юртимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
– 16 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи давомида Булоқбоши туманида ўтказилган йиғилишда вилоятни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, жумладан, гидроэнергетика салоҳиятини юксалтириш бўйича амалга ошириладиган ишлар муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, вилоятда сув оқими юқори бўлган ариқ ва каналлардан самарали фойдаланган ҳолда 75 мегаватт қувватга эга кичик ва микро ГЭСлар қуриш имконияти мавжуд. Бундай лойиҳаларни амалга оширадиган тадбиркорларга 3 йиллик имтиёзли давр билан, 7 йилга 12 фоиз ставкада кредит ажратилиши кўзда тутилмоқда. Президент ташрифи доирасида хорижий компаниялар вакиллари билан учрашув ҳам бўлиб ўтди.
Жумладан, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятининг асосий ҳамкорларидан бири – Хитой Халқ Республикасининг “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси директори ўринбосари Оу Яньхун Андижон вилоятининг гидроэнергетика салоҳиятини ошириш бўйича ўз таклифларини тақдим этди.
2025 йилда Андижонда қуввати 24 мегаватт, 2026 йилда эса 20 мегаватт бўлган жами 763 та кичик ва микро ГЭСни ишга тушириш режалаштирилган. Маълумки, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ 60 йиллик тажрибага эга бўлган “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси билан изчил ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу ҳамкорлик доирасида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “UzHydroPower” қўшма корхонаси ташкил этилган. Корхона томонидан “Made in Uzbekistan” миллий бренди остида қуввати 40 мегаваттгача бўлган гидроагрегатлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
Ушбу лойиҳа нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда ягона бўлиб, ҳудудларда барпо этиладиган кичик ва микро ГЭСларда фойдаланиладиган гидроагрегатларнинг маҳаллий ишлаб чиқарилишини таъминлайди. Шунингдек, корхона томонидан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва бошқа қўшни давлатлар учун ҳам гидроагрегатлар ишлаб чиқарилади.
“UzHydroPower” қўшма корхонаси ҳар бир лойиҳа учун индивидуал ва эксклюзив гидроагрегатларни лойиҳалаштириб, энг зарур эҳтиёт қисмларни маҳаллий ишлаб чиқармоқда. Бу амалий ҳамкорлик орқали юқори инновацион технологик ускуналар илк бор мамлакатимиз гидроэнергетика соҳасида ишлаб чиқарила бошланди.
Аҳамиятлиси, маҳаллийлаштириш ҳисобига келгусида харажатларни қисқартириш ва сифатли, замонавий агрегатларни ишлаб чиқаришга кенг йўл очилади. Натижада миллий ускуналар вилоятлар бўйича барпо этиладиган кичик ва микро ГЭСларда кенг қўлланилиб, мамлакатимиз гидроэнергетика салоҳиятини оширишга муҳим ҳисса қўшади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.