Мамлакатимизда истеъмолчиларни сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Аҳоли хонадонлари, ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш борасида “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Андижон ҳудудий филиали, туман, шаҳар электр таъминоти корхоналари томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, кейинги йилларда вилоятда электр таъминотини яхшилаш бўйича эътиборга молик қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда вилоятдаги мавжуд 143 дона 35-110 кВтли подстанцияларидан чиқувчи 19 минг 124,6 километр узунликдаги 0,4-110 кВт кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда 8 минг 492 та трансформатор пунктлари орқали 23 минг 464 та юридик мақомга эга ва 691 минг 912 та аҳоли хонадонлари, жами 715 минг 376 та истеъмолчига электр энергияси етказиб берилди.

– Кейинги йилларда вилоятда аҳоли ва истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, мазкур йўналишдаги муаммоларни бартараф этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиали раҳбари Сардорбек Юсупов. – Агар 2017 йилда 180 километр янги тармоқ тортилиб, 85 та трансформатор пункти таъмирланган бўлса, кейинги йилларда бу борадаги ишлар ҳажми бир неча баробарга ортди.

Ўтган йил давомида ҳудудларда меъёридан ортиқ юклама билан ишлаётган 10 та кичик кучланишдаги трансформаторлар ўрнига Хитой давлатидан катта – 40 МВА кучланишли трансформаторлар олиб келиниб, ўрнатилмоқда. Хусусан, Избоскан туманидаги “Пахтакop”, Пахтаобод туманидаги “Қўқонқишлоқ”, Балиқчи туманидаги “Балиқчи”, Хўжаобод туманидаги “Завроқ”, Андижон шаҳридаги “Машинасоз” подстанцияларига 2 тaдан 40 МВА кучланишдаги трансформаторлар олиб келиниб, ишга туширилди.

Юқори кучланишли транформаторлардан чиқаётган токни тўғри тақсимлаш, ортиқча юкламаларнинг олдини олиш учун 35 та подстанциянинг юкламалари меъёрлаштирилди. Шунингдек, 35 та подстанциядаги 42 та трансформаторни юқори қувватлисига алмаштириш орқали қўшимча 538,3 МВА қувват қўшилди, 315,5 километр узунликда электр тармоғи тортилди, 143 дона трансформатор пунктини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.

Бундан ташқари, юқори кучланишли 101 километр электр узатиш тармоқлари, 5 та трансформатор ҳамда паст кучланишли 2 минг 171 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи, 828 дона трансформатор мукаммал таъмирланди.
Жорий таъмирлаш режасига асосан 4 минг 126 километр электр узатиш тармоқлари, подстанциялардаги 196 дона трансформатор ва 1 минг 592 дона трансформатор пунктлари жорий таъмирланди.
Амалга оширилган ишлар натижасида вилоятнинг 459 та маҳалласида яшовчи 95 минг нафардан зиёд аҳолининг ҳамда 3,5 мингдан зиёд ижтимоий ва тадбиркорлик соҳа объектларининг электр энергияси таъминоти янада яхшиланди.
Бир сўз билан айтганда, юқоридаги каби ишлар юртдошларимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари