Кейинги йилларда мамлакатимизда халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савиясини юксалтириш, айниқса, оналар ва болалар, ногирон, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар соғлигини муҳофаза қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, юртимиз бўйлаб ўтказилаётган “Саломатлик марафони” умуммиллий ҳаракати ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан биридир.
– Айни кунда “Саломатлик марафони” умуммиллий ҳаракати доирасидаги тиббий текширув ва тарғибот тадбирлари асосан намуна тарзида Андижон шаҳрида ўтказилмоқда, – дейди Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Шоҳрухмирзо Мамажонов. – Текширувлар жараёнида аҳоли ўртасида мақсадли скрининг текширувлари, амбулатор ва стационар тиббий ёрдамни кучайтириш, давлат тиббий суғуртаси орқали беморларга кўмак бериш тадбирлари режа асосида амалга оширилмоқда.
Андижон шаҳридаги тиббиёт муассасалари бинолари кириш қисмларига “Саломатлик марафони” умуммиллий ҳаракати тадбирлари ўтказилиши юзасидан баннерлар ўрнатилди, муассасалар тарғибот материаллари билан таъминланди.
Ҳозирда 492,5 минг нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатаётган Андижон шаҳридаги 9 та оилавий ҳамда 1 та марказий поликлиникада “Саломатлик марафони” тадбирлари уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Марафон доирасидаги тиббий текширувларда, айниқса, оналар ва болалар, кексалар, ногиронлар саломатлигини назоратдан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Кексалик туфайли соғлигим билан боғлиқ муаммолар бор, – дейди Андижон шаҳридаги Машъал маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Тўлқинжон Сиддиқов. – Шаҳримиздаги 1-оилавий поликлиникада бепул тиббий кўрикдан ўтдим. Тегишли йўналишлардаги шифокорлардан зарур тавсия ва маслаҳатлар олдим. Умуман, фуқароларга катта қулайлик яратиб бераётган бундай тадбирлардан юртдошларимиз беҳад мамнун бўлмоқда.
Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Нилуфар Тожибоеванинг маълум қилишича, айни кунга қадар Андижон шаҳрида 77 минг 200 нафардан зиёд фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Текширув давомида турли хасталиклари бўлган 11 минг 350 нафар фуқаро амбулатор, 331 нафар фуқаро стационар даволанишга жалб этилди.
Бундан ташқари, фаол ва ташаббускор ёшлар, Андижон давлат тиббиёт институти талабаларидан иборат “Саломатлик волонтёрлари” ҳаракати вакиллари томонидан аҳолини соғлом ҳаётга жалб этиш, тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзи тамойилларига амал қилиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Шифокорлар, патронаж ҳамширалари Андижон шаҳридаги маҳаллалар, аҳоли гавжум масканларда “Соғлом турмуш тарзи ойнаси – саломатлик кўрсаткичлари” шиори остида фуқароларнинг оғирлиги, бўй, қон босими, қондаги қанд миқдорларини ўлчаш тадбирларини ўтказмоқда, аҳолига профилактик тиббий кўриклардан ўтиш тартиблари тушунтирилмоқда, касалликларнинг келиб чиқиши ва олдини олиш мавзусидаги буклетлар тарқатилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан “Саломатлик марафони” умуммиллий ҳаракати тадбирлари очиқ мулоқот ва чуқурлаштирилган тиббий кўриклар асосида вилоятнинг туман ҳамда шаҳарларида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари, туман ҳокими, вилоят тиббиёт муассасалари раҳбарлари иштирокида Бўстон туманида ўтказилган очиқ мулоқотда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, кўп учрайдиган касалликларни эрта аниқлаш, самарали даволаш, аҳолининг соғлом турмуш тарзи борасидаги билимларини ошириш ва тиббий маданиятни янада юксалтириш хусусида атрофлича сўз юритилди. Хусусан, мутасаддилар томонидан туманда шошилинч ва бирламчи тиббий ёрдам сифатини ошириш, юрак-қон томир, эндокрин, онкологик ва неврологик касалликларни эрта аниқлаш, умуман, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар жараёни, тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, аҳоли учун кенг қамровли бепул тиббий кўриклар ташкил этилди. Кўриклар жараёнида кардиолог, невролог эндокринолог, терапевт, педиатр, офтальмолог, ЛОР, хирург ва бошқа йўналишлар шифокор мутахассислари томонидан фуқароларга зарур маслаҳатлар, 120 дан ортиқ фуқарога касалликнинг хавф омилларини бартараф этиш бўйича индивидуал профилактик тавсиялар берилди.
Қўрғонтепа туманидаги 1-сон политехникумда Республика ихтисослашган тиббиёт марказлари вилоят бўлимлари, туман тиббиёт бирлашмаси мутахассис ва шифокорлари иштирокида аҳоли учун ташкил этилган чуқурлаштирилган тиббий кўрикда 850 нафардан зиёд фуқаронинг саломатлиги назоратдан ўтказилди. Шунингдек, УЗИ, ЭКГ, рентген ва онкоскрининг текширувлари ҳамда турли лаборатория таҳлиллари олиниши йўлга қўйилди.
Избоскан агротехнологиялар техникумида ўтказилган тиббий кўрик давомида Избоскан туманидаги Тинчлик, Тўрткўл, Истиқлол, Ботиробод ва Гузар маҳаллаларида истиқомат қилувчи 400 нафардан зиёд фуқаролар саломатлиги кўрикдан ўтказилди.
Хирург, терапевт, кардиолог, кожвенеролог, ЛОР, окулист, онколог, травматолог, педиатр, болалар шифокорлари, фтизиатр, акушер-гинеколог ва бошқа қатор йўналишлар мутахассислари, кўчма УЗИ, рентген, лаборатория текширувлари, мобил офтальмолог кабинети, мобил рентген кабинетлар ёрдамида ўтказилган тиббий текширувларда иштирокчиларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.
[gallery-26701]
Текширувлар натижасида 14 нафар беморга юқори технологик даволаш амалиёти учун йўлланма берилди, 12 нафар фуқаро туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасига даволаниш учун жойлаштирилди.
Вилоятда “Саломатлик марафони” умуммиллий ҳаракати тадбирларини келгуси йилда ҳам изчил давом эттириш бўйича режа ва чора-тадбирлар белгиланган.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари