Сўнгги йилларда Амударё туманида аҳолини арзон нархларда сабзавот, полиз ва мева маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ички бозорлардан ортган маҳсулотларни хорижга экспорт қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, илгари ўзимизда бўлмаган, хориждан олиб келинадиган лимон, мандарин, банан, анор, анжир каби цитрус меваларни Оролбўйи иқлим шароитига мослаштириш борасида олимлар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда. Деҳқонларимизнинг изланишлари, шу билан бирга тинимсиз меҳнати натижасида бу борада яхши натижаларга эришилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Агросаноатни ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ҳамкорлигида мева ва узум етиштирувчи фермерлар фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Амударё ва Элликқалъа туманларига пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб Амударё тумани “Чойкўл” овул фуқаролар йиғинидаги “Аму анорлари” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган 8 гектар анор боғи, “Манғит омад савдо” масъулияти чекланган жамияти томонидан 12 гектар майдонда ташкил этилган узум боғлари ҳамда “Аму тўлқин балиғи” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган 10 гектар олма ва 6 гектар ўрик боғлари билан таништирилди.
[gallery-24550]
Амударё туманида боғдорчилик ва узумчилик йўналишидаги 61 та қишлоқ хўжалиги корхонаси мавжуд бўлиб, уларда жами 1 минг 46 гектар майдонда мевали боғ мавжуд. Шундан 641 гектари ҳосилдор боғ, 405 гектари янги боғлардир.
Жорий йил баҳор мавсумида фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан жами 76 гектар майдонларда интенсив боғ ташкил қилинди. Натижада туманда боғдорчилик соҳасига қизиқувчилар кундан кунга кўпайиб бормоқда. Бундан ташқари, ёшлар агентлиги ва туман Агросаноатни ривожлантириш агентлиги мутахассислари томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ташкил қилинган боғларда ишсиз ёшларни иш билан таъминлашга ҳаракат қилинмоқда.
Асосий касби ўқитувчилик бўлган Пўлат Абдураҳмонов Фарғона вилоятидан икки нав анор олиб келиб, ўзини томорқасида синаб кўрди. Натижаси ёмон бўлмади. Буни кўрган ўша вақтдаги туман ҳокими анор етиштиришни таклиф этди ва 2020 йили "Чойкўл" овул фуқаролар йиғини ҳудудидан 8 гектар ер майдонини ажратиб берди. Натижада “Аму анорлари” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Ўтган йили дастлабки ҳосил олиниб, ички бозорларда сотилди. Бу йил Пўлат ака 8,5 минг туп анор парваришлаяпти.
Туманда узумчилик соҳаси ҳам яхши ривожланмоқда. Азимжон Жумамуратов раҳбарлик қилаётган “Манғит омад савдо” масъулияти чекланган жамияти томонидан 11,7 гектар майдонда ташкил этилган узум боғидан ҳар йили мўл ҳосил олиб келинмоқда. Ўтган йили 180 тонна маҳсулот етиштирилган бўлса, шундан 140 тоннаси Россия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинди. Юқори ҳосилдорлиги, доналарининг йириклиги, қанд миқдорининг юқорилиги, рангининг ўзига хослиги билан ажралиб турадиган "Аватар" ва "Тайфи" навларига ички бозорда ҳам, ташқи бозорларда ҳам талаб юқори. Жамиятда 15 киши доимий, 50 киши мавсумий иш билан таъминланган. Жорий йилда ҳар гектардан 20 тоннагача ҳосил олиш режалаштирилган.
“Аму тўлқин балиғи” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган 10 гектар олма ва 6 гектар ўрик боғида ҳосил ҳар йилгидан кўп бўлди. Мутахассислар таъкидлаганидек, бу йил мевали дарахтларга етти марта ишлов берилди. 3 минг тупга яқин олманинг ҳар биридан 250-300 килограммгача ҳосил олиш режалаштирилган. Терим мавсумида 25-30 киши иш билан таъминланади. Уч хил навдаги олмалар ички бозорга, шу билан бирга, хорижий давлатларга экспорт қилинади.
Амударё туманида сўнгги йилларда боғдорчилик ва узумчилик йўналишида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар аҳолини арзон нархдаги маҳсулотлар билан таъминлашга, янги иш ўринлари яратишга, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА