Жорий йилнинг 27-28 август кунлари АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида “Los Angeles Build Expo” кўргазмаси бўлиб ўтди.
Таъкидлаш керакки, бу йилги кўргазма Ўзбекистон учун тарихий аҳамиятга эга бўлди. Мамлакатимиз тадбиркорлари илк бор “Made in Uzbekistan” бренди остида 25 дан зиёд турдаги замонавий қурилиш материаллари билан иштирок этди. Ўзбекистондан 'AKFA Extrusions", "Alcopon Standart Trade", "Basalt Uzbekistan" каби йирик компаниялар ўзининг инновацион маҳсулотларини тақдим этди. Уларнинг тақдимотлари қурилиш индустриясида энергия тежамкорлик ва барқарор ривожланиш талабларига жавоб бериши билан алоҳида эътиборга сазовор бўлди.

Кўргазма доирасида халқаро ҳамкорлар билан учрашувлар ўтказилиши, янги экспорт шартномаларини имзолаш ҳамда йирик инвестиция лойиҳалари бўйича музокаралар олиб борилди.
"Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси ахборот хизматига кўра, жорий йилнинг январь-июль ойларида АҚШга 7,1 миллион долларлик қурилиш материаллари экспорт қилинди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 баробар кўпдир.

Мазкур нуфузли тадбир Америкадаги қурилиш соҳасига оид энг йирик анжуманлардан бири ҳисобланади. У Америкадаги энг йирик минтақавий қурилиш кўргазмаси сифатида 30 йилдан ортиқ вақтдан бери мамлакатнинг 40 дан зиёд шаҳарларида ташкил қилиб келинмоқда. Tradefest халқаро рейтинг агентлиги томонидан эътироф этилган ушбу кўргазма дунёдаги энг нуфузли қурилиш кўргазмалари орасида 17-ўринни эгаллайди.

Ўзбекистон қурилиш материаллари энди нафақат маҳаллий бозорда, балки халқаро миқёсда ҳам юқори талабга эга бўлиб бормоқда. Мазкур кўргазмадаги иштирок мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари учун АҚШ бозорида кенг йўл очиб, янги имкониятлар эшигини очди.

Муҳими, "Made in Uzbekistan" сифат ва ишончнинг халқаро тимсоли сифатида тан олинаётгани қувонарлидир.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА