Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигининг, айниқса, пахтачиликнинг барқарор ривожланиши ҳудуднинг иқтисодий ўсишида ҳал қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Ердан унумли фойдаланиш, чигит экишдан тортиб ҳосил йиғиштирилгунга қадар бўлган барча жараёнларда замонавий агротехнологияларни қўллаш нафақат фермер хўжаликларининг самарадорлигини оширади, балки мамлакат экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Сардоба ва Сирдарё туманларида ташкил этилган амалий семинар-тренинглар соҳадаги муҳим янгилик ва тажрибаларни жойларда амалиётга жорий этишга йўналтирилди. Тадбирларда пахта етиштиришда анъанавий ҳамда интенсив (Шинжон модели) агротехнологиялардан самарали фойдаланиш, ер ва сув ресурсларини тежаш, ўғитлаш ва суғориш ишларини илмий асосда ташкил қилиш бўйича аниқ тавсиялар берилди.

–Бугунги семинар-тренинг фермерларимиз учун жуда фойдали ва амалий аҳамиятга эга бўлди. Замонавий агротехнологиялар, хусусан, интенсив модель асосида пахта парвариши бўйича берилган тавсиялар жорий мавсумдаги ҳосилдорликни оширишга муҳим асос бўлади. Бу каби тадбирлар соҳа тараққиётида билим ва тажрибанинг ўрни қанчалик муҳим эканини яна бир бор намоён этди, – дейди Сардоба туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Акбар Бошбеков.
Сирдарё туманида ҳам амалий натижалар кутилмоқда. – Жорий мавсумда туманимиздаги 7000 гектар ер майдонида пахта чигити анъанавий ҳамда интенсив усулда экилиб, ҳар гектардан 40-45 центнердан ҳосил олиш режалаштирилган. Интенсив технологияларнинг қўлланилиши орқали мўл ҳосилга эришиш, шу билан бирга ресурсларни тежашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги каби амалий семинарлар айнан шу мақсадларга етакловчи муҳим восита бўлмоқда, – дейди Сирдарё туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Шавкат Султонов.

Фермерлар учун бундай семинарларнинг яна бир аҳамиятли жиҳати, очиқ мулоқот ва фойдали тажриба алмашинувидир. Иштирокчилар агротехник тадбирларнинг тўғри ва ўз вақтида бажарилиши, пахта навларининг иқлимга мослашувчанлиги ва самарадорлиги ҳақида амалий маълумотларга эга бўлдилар.

– Бугунги семинарда олган билимларимиз биз фермерлар учун жуда фойдалидир. Интенсив усулда чигит парваришлаш, сувни тежаш технологиялари ва ўғитлаш борасидаги амалий тавсиялар жорий мавсумда ҳосилдорликни оширишда қўл келади. Бундай тадбирлар ҳар бир фермерни илмий ёндашувга ундайди, натижада ишимиз самараси ортади, – дея таъкидлади "Омонбой ўғли Тугал" фермер хўжалиги раҳбари Эсонбой Қўзибоев.
Хулоса қилиб айтганда, бундай амалий тадбирларнинг доимий равишда мавсумий агротехник жараёнлар олдидан ташкил этилиши мамлакат миқёсида юқори ва барқарор ҳосил олиш имкониятларини янада кенгайтириш ҳамда соҳадаги билим, кўникмаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири