Президент Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Тошкент давлат тиббиёт университетига ташриф буюриб, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббиёт муассасаларида хизматлар сифатини ошириш ҳамда тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди.
Сўнгги йилларда тиббиёт соҳасининг ўзига 230 триллион сўм йўналтирилди. Бунинг ҳисобига жойларда 187 та янги поликлиника ва шифохона ишга тушди, 1 минг 244 таси реконструкция қилиниб, жиҳозланди.
Тиббиётдаги бу ўзгаришларни миллионлаб одамларимиз ўз ҳаётида ҳис этмоқда, халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда.

Сўнгги йилларда юртимиз тиббиётида илғор технологиялар жорий этилиб, таълим жараёнларига ҳам кенг татбиқ қилинмоқда. Хусусан, учта олий таълим муассасаси негизида Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилди. Урганч давлат тиббиёт институти фаолияти йўлга қўйилди. Саккизта тиббиёт олий таълим муассасаси халқаро аккредитациядан ўтди. Бу соҳада замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрлар тайёрлаш имкониятлари янада кенгайди.
Тошкент давлат тиббиёт университетида инфратузилма яхшиланиши натижасида таълим олувчилар сони 29 минг 864 нафарга етди. Ўқув жараёнлари энг замонавий талаблар даражасига кўтарилди, рақамлаштириш фаол давом этмоқда.

Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижалари ҳақида ахборот берилди. Мамлакат бўйлаб давлат тиббиёт муассасалари замонавий ахборот-коммуникация жиҳозлари билан таъминланди, ягона рақамли инфратузилма шакллантирилди.
2024-2025 йилларда 3 мингдан ортиқ тиббиёт муассасаси локал тармоқ билан таъминланди. Минглаб янги компьютерлар харид қилиниб, техник база янгиланди.
Президентимизга DMED ягона электрон ахборот тизими имкониятлари ҳам тақдим этилди. Бу тизим орқали 36 миллион нафардан зиёд фуқароларнинг тиббий маълумотлари ягона базада жамланди. Тез тиббий ёрдам хизматида электрон бошқарув йўлга қўйилиб, чақириқларга етиб бориш вақти 25-30 дақиқадан 10-15 дақиқагача қисқартирилди. Яқин келажакда “Online-шифокор” хизмати жорий этилиб, аҳолига масофадан тиббий маслаҳат бериш имкони яратилади.

Шунингдек, “Электрон рецепт” тизими фаолияти йўлга қўйилиши натижасида ортиқча дори ёзиш ҳолатлари 40 фоизга камайди, дори воситалари айланмаси шаффофлашди. Барча тиббий маълумотлар биометрик ҳимоя остида сақланиб, шахсий маълумотлар хавфсизлиги таъминланмоқда.
– Замонавий тиббиёт муассасаларини барпо этяпмиз, соҳада сунъий интеллектни жорий қиляпмиз, илғор ускуналарни олиб келяпмиз. Бу ўзгаришлар энг қуйи бўғингача етиб бориши зарур. Муҳими, ҳар бир тиббиёт ходимининг малакасини ошириш, замонавий билим ва кўникмалар билан таъминлашга эътибор қаратишимиз лозим. Шундагина ҳаракатларимиз натижа беради, – деди Президент.
“Рақамли соғлиқни сақлаш маркази” фаолияти ҳақида ҳам ахборот берилди. Унда барча тиббиёт муассасаларининг фаолияти реал вақт режимида кузатилиб, сурункали касалликлар ва аҳоли саломатлиги кўрсаткичлари таҳлил қилинмоқда.
Президентимиз тиббиёт тизимининг рақамлаштирилиши беморлар учун қулайлик, шифокорлар учун самарадорлик, давлат учун эса шаффофлик ва тежамкорликни таъминлаш учун муҳим эканини таъкидлаб, бу ишларни жадал давом эттиришни топширди.
Ташриф чоғида университетдаги замонавий таълим муҳити ва сунъий интеллект ёрдамида фаолият юритаётган ўқув лабораториялари билан танишилди. Реанимация, оилавий поликлиника, шошилинч ёрдам, операция, педиатрия, акушерлик ва терапия бўйича симуляцион хоналарда талабалар амалиёт орқали билим ва кўникмаларини мустаҳкамламоқда. Бунинг учун яратилган шароитлар ва келгуси режалар ҳақида батафсил ахборот берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев тиббиётни аҳолига яқинлаштириш, хизматлар сифатини ошириш, бу жараёнда илғор усул ва технологияларни қўллашни янада кенгайтириш юзасидан мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйди.
9 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.
Тошкент давлат тиббиёт университетида давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медалларига сазовор бўлган соҳа вакилларига мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Улар орасида дунёнинг нуфузли олийгоҳларида таълим ва тажриба олиб, юртимизга қайтиб келиб ишлаётган, юқори технологик муолажаларни амалга ошираётган ёш шифокорлар, аҳолимиз саломатлигини сақлашда яқиндан кўмак бераётган хорижий ҳамкорлар ҳам бор.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, одамларни ишли ва даромадли қилиш, ёшларга замонавий билим ва тарбия бериш, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича ислоҳотлар жадал олиб борилаётганини таъкидлади.
Натижада бирламчи тиббиёт муассасаларининг қуввати 60 фоизга ошиб, тиббий хизмат аҳолига анча яқинлашди. Илгари асосан пойтахтда бажарилган юқори технологик ва диагностика-даволаш усулларининг 400 дан ортиғи ҳудудларда амалга оширилмоқда. Юзлаб мураккаб амалиётлар вилоят марказларига, кам инвазив операциялар эса туман даражасига туширилди.

– Биринчи марта 45 та туманда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилгани инсон саломатлиги борасидаги ишларимизнинг яққол амалий тасдиғидир, – деди Президентимиз. – Юртимизда ўртача умр давомийлиги эркаклар ўртасида 71 дан 73 ёшга, хотин-қизлар орасида эса 76 дан 77,5 ёшга узайгани сизлар билан эришган катта ютуғимиз, десам тўғри бўлади. Албатта, машаққатли меҳнат маҳсули бўлган бундай эзгу ишларда 600 мингдан зиёд жонкуяр тиббиёт ходимларининг муносиб ҳиссасини эътироф этиб, ҳар қанча раҳмат айтсак, арзийди.
Президентимиз давлат мукофотларини тантанали равишда топшириб, тақдирланганларни бутун халқимиз номидан табриклади.
Шундан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашув ўтказди.
Давлатимиз раҳбари йиғилганларни Тиббиёт ходимлари куни билан самимий табриклаб, барча шифокор ва ҳамширалар, соҳа мутахассисларига ўзининг чуқур ҳурмати ва эзгу тилакларини билдирди.
Фармацевтика соҳасининг замонавий тиббиётдаги ўрнини ҳисобга олиб, бундан буён ушбу байрамни “Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни” сифатида нишонлаш таклиф қилинди.
Учрашувда ўз ечимини кутаётган масалалар таҳлил қилиниб, янги вазифа ва имкониятлар белгилаб олинди.
Ихтисослашган марказларга сўнгги беш йилда 7,5 триллион сўм маблағ берилиб, улар минглаб энг замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Шунга қарамай, ускуналарнинг қувватидан бор-йўғи 25 фоиз фойдаланилаётгани кўрсатиб ўтилди.
Рақамлаштириш, хориждан ҳамкор топиш, клиник протоколларни янгилаш, илғор диагностика, профилактика ва даволашни уддалайдиган замонавий жамоани шакллантириш барча тиббиёт марказлари, вилоят, туман соғлиқни сақлаш бошқарма ва бўлимларининг биринчи навбатдаги вазифаси бўлиши зарурлиги қайд этилди.
Қайси маҳаллада, туманда қандай касаллик кўпайган ёки камайганини таҳлил қилиб, уларнинг олдини олиш ва самарали даволаш бўйича аниқ режа билан ишлаш, республика марказлари бундай таҳлил ва ёндашув билан ишни пастда ташкил қилиш, катта маблағ эвазига олиб берилган энг замонавий ускуналардан самарали фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани таъкидланди.
– Бугун одамларнинг ҳаётга муносабати ҳам, талаб ва эҳтиёжлари, дунёқараши ҳам тубдан ўзгарди. Бу бошқа соҳалар қатори тиббиётда ҳам сифатни ошириш, замонавий ёндашувлар олиб кириш бўйича олдимизга янги вазифаларни қўймоқда. Шу боис, тиббиётда халқнинг баҳосини эшитадиган тизимни жорий қиламиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Эндиликда 26 та марказ директорлари, вилоят, туман соғлиқни сақлаш раҳбарлари, оилавий поликлиника мудирлари бир ойлик аниқ режа асосида ишлашга ўтади.
Марказ раҳбарлари ўз соҳасида энг оғир туман ва маҳаллага боради. Бир ой қолиб, касалликларнинг сабабларини ўрганиб, уларга ечим беради, оилавий поликлиника ва туман шифохоналарининг врачларини касалликни даволашга ўргатади.
Бундан буён вилоят ва туман соғлиқни сақлаш раҳбарларининг кунлик қабули маҳаллада бўлади.
Ҳар бир вилоят, туман тиббиёт раҳбари, бош шифокор ва поликлиника мудири беморга эътиборли бўлиб, дардига шифо излаб келган ҳар бир одамнинг иши тез битиши учун барча шароитларни яратиши шартлиги қайд этилди.
Янги йилдан 26 та марказ директорлари, вилоят ва туман соғлиқни сақлаш раҳбарлари, оилавий поликлиника мудирларини лавозимга қўйишда янги тартиб жорий қилинади.
Бунда барча тиббиёт муассасаларида раҳбар ва бош шифокор лавозимлари бир-биридан ажратилади. Уларга раҳбарлар менежерликка ўқиган, яхши натижалар кўрсатган тадбиркорлар орасидан тайинланади.
Раҳбарларнинг рағбатлантириш тизими ҳам ўзгартирилади.
Энг намунали вилоят, туман соғлиқни сақлаш бўлимлари раҳбарлари ва оилавий поликлиника мудирларига “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тиббиёт ходими” унвони, орден ва медаллар, 30 миллион сўмдан пул мукофоти берилади. Улар раҳбарлик қилаётган шифохона ва поликлиника инфратузилмасини яхшилашга 500 миллион сўмдан ажратилади.
Ҳар бир вилоятда энг яхши 2 та туманнинг соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари ва оилавий поликлиника мудири АҚШ, Германия, Буюк Британия, Корея, Туркия каби тиббиёти ривожланган мамлакатларга менежерликка ўқитиш учун юборилади.
– Тиббий таълимдаги ислоҳотларимизни давом эттириб, оиланинг барча ёшдаги аъзоларига малакали тиббий хизмат кўрсата оладиган оилавий шифокорлик институтини ривожлантиришимиз зарур, – деди Президент.
Келгуси ўқув йилидан тиббиёт олийгоҳларининг бакалавр босқичида педиатрия ва даволаш йўналишларини ўз ичига олган умумий тиббиёт факультети очилиши эълон қилинди. Уларда оилавий шифокорлик мутахассислиги бўйича резидентура ва магистратура ҳам йўлга қўйилади.
Резидентурада таълим олаётган талабалар бепул ўқиш билан бирга оилавий шифокор сифатида ишлаб маош олади. Резидентура битирувчиси оилавий шифокорлик бўйича тор соҳа дипломи ва 150 фоизли устама олади.
Тиббиёт олийгоҳларининг бакалавр босқичида талабаларнинг фундаментал ва клиник фанлар бўйича билими баҳоланади. Резидентурани тугатган шифокорлар эса ихтисослиги бўйича имтиҳондан ўтказилади. Шундан кейин мутахассис давлат рўйхатидан ўтади ва унга тиббий фаолият юритишга рухсат берилади.
Эндиликда оддий муолажани қиладиган эмас, ташхис, даволаш ва профилактикада шифокорга кўмакчи бўладиган ҳамшираларни тайёрлашга ўтиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бунинг учун Ҳамширалар академияси Тошкент давлат тиббиёт университети тасарруфига ўтказилиб, негизида Олий касбий тиббиёт академияси ташкил қилинади.
Келгуси йилдан барча тиббиёт олийгоҳларида олий ҳамширалик иши йўналиши очилади ва квота 2 карра, 2027 йилдан эса камида 20 фоиздан ошириб борилади.
Олий маълумотга эга, шифокор билан ёнма-ён турадиган бундай ҳамшираларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилади. Келгуси йилдан олий маълумотли ҳамшираларнинг маошига 100 фоиз устама берилади.
Айни пайтда ўрта маълумотли ҳамшираларни тайёрлаш тизими ҳам ўзгартирилади.
Бугунги давр шифокори замонавий технология, даволаш ва диагностика усулларидан хабардор бўлиши, ўз устида доимий ишлаб бориши шартлиги қайд этилди.
Шу боис, тиббиёт ходимларининг малакасини узлуксиз ошириб борадиган янги тизим бўлади. Келгуси йилдан малака оширишнинг масофавий, робот-симулятор, амалий, иш жойида мустақил тайёргарлик каби турлари йўлга қўйилади. Малака ошириш талаблари ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган Узлуксиз касбий тиббиёт таълими маркази ташкил қилинади.
Президентимиз ҳозирда тиббий хизматларнинг 30 фоизи хусусий сектор томонидан кўрсатилаётгани, илғор ташаббуслар ҳам улардан чиқаётгани қувонарли ҳол эканини таъкидлаб, уларнинг хусусий шерикликни кенгайтириш бўйича барча таклифларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Келгусида ҳам тиббиётда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва уларга қўшимча шароитларни яратиш давом эттирилиши таъкидланди.
Хусусан, келгуси йилдан тиббий ускуна, жиҳоз ва тез ёрдам машиналарини олиб кириш бўйича имтиёз 3 йилга узайтирилади.
Умумий овқатланиш корхоналарига ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш бўйича берилган имтиёз хусусий тиббиёт ташкилотларига ҳам қўлланади. Замонавий кўп тармоқли клиникаларни ташкил қилиш ва уларни жиҳозлаш учун тадбиркорларга 200 миллион долларлик имтиёзли ресурс ажратилади.
Президентимиз куни кеча имзоланган “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарорида акс этган қўшимча имтиёзларни эълон қилди.
Учрашувда соҳа вакиллари билан мулоқот бўлиб ўтди, уларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазалари тингланди.
– Мен шифокор эгнидаги оқ либосни нафақат касб белгиси, балки Ватанга чексиз садоқат рамзи деб биламан. Бундан буён ҳам шифокорнинг, ҳар бир тиббиёт ходимининг обрўсини ҳимоя қилиш, унга ҳар томонлама муносиб шароит яратиш эътиборимиз марказида бўлади. Ишончим комил, биз биргаликда Янги Ўзбекистонни бошқа соҳалар қаторида тиббиёти ҳам ривожланган давлатга айлантирамиз, – деди Президентимиз учрашув якунида.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбирлари