Бугун юртимизда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини электр ва иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифа ҳисобланади.
Ҳозирда Бухоро вилоятида 76,9 мингдан зиёд хонадондан иборат бўлган 2566 та кўп хонадонли уйлар мавжуд бўлиб, уларга 28 та бошқарувчи ташкилотлар ҳамда 16 та уй-жой мулкдорлар ширкатлари томонидан техник хизмат кўрсатиб келинмоқда. Жорий йилда вилоятдаги кўп хонадонли уйларни 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун жами 507 та кўп хонадонли уй-жойларда бошқарув сервис компанияларининг 14,9 миллиард сўм маблағлари ҳисобидан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
– Аҳоли турмуш тарзини яхшилаш мақсадида 2025-2026 йиллар давомида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун режалаштириш ишлари олиб бордик. 507 та кўп хонадонли уйларни жорий ҳамда мукаммал таъмирлаш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган куз-қиш мавсуми тугаши билан бу йилги ишлар бошлаб юборилган. Ҳозирда 60 фоизга яқин ишлар якунланди. Сентябрь ойининг охирги кунларига қадар қолган режадаги ишларни ҳам якунлаймиз, – дейди Бухоро вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Қўшмуродов.
[gallery-24036]
Вилоятидаги жами 2 566 та кўп хонадонли уйларнинг 1 287 таси ёки 50 фоизи марказлашган ва индивидуал иссиқлик тизими таъминоти ҳамда қолган 804таси ёки 32 фоизи бошқа турдаги иситиш тизимидан фойдаланиб келмоқда. Вилоятда бугунги кунда 36 та қозонхоналар мавжуд бўлиб, барчаси соз ҳолатда. Иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан Бухоро ва Когон шаҳарларидаги 736 та кўп хонадонли уй-жойлар ва 327 та ижтимоий соҳа ва бошқа маъмурий объектларга марказлашган иссиқлик энергияси ва иссиқ сув етказиб берилмоқда. Корхоналар томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш уни ўтказиш мақсадида 10,8 км иссиқлик тармоқлари, 9 та қозонлар, 20 та насос ускуналарини мукаммал ва жорий таъмирлаш, 12 км иссиқлик қопламаларни янгилаш режалаштирилган.
Президентимизнинг 2024 йил 24 декабрдаги “2025-2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Бухоро шаҳридаги “Шарқ-2” қозонхонасини янгидан модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳалари амалга оширилади. Ушбу лойиҳаларни амалга оширишда 25,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган. Ҳозирда бу жараёнларни амалга оширишда энерготежамкор технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган.
Вилоятда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари юқори суратларда амалга оширилмоқда. Мавсумни беталафот ўтказиш мақсадида коммунал соҳага дахлдор хизматларнинг иш сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича зарур чоралар кўрилган. Мавсумга тайёргарлик борасида олиб борилган тизимли ишлар натижасида аҳолини иссиқлик ҳамда электр энергияси билан узлуксиз таъминлашда мавжуд муаммоларни бартараф қилишга ҳамда бу борада юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олишга, энг муҳими, халқни тизимдан рози қилишга эришилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.