Нукусда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгашининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, конференция иштирокчиларини қутлади.
[gallery-24391]
Сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгашининг 2020-2025 йиллардаги ишлари тўғрисидаги ҳисоботи тингланди ва касаба уюшма ташкилотларининг келгусидаги вазифалари белгилаб олинди.
Таъкидланганидек, конференция Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик юбилей йилида ўтказилмоқда. 120 йил бу жуда муҳим сана, шунингдек, бу ютуқ ва муваффақиятларни муҳокама қилиш, қилинган ишлар натижаларини баҳолаш ва олдинда турган вазифаларни белгилаб олишга имкон берадиган яхши сабабдир.
Ўзбекистон касаба уюшмаларининг тарихий йўли ўз ичига меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, касаба уюшма аъзолигига жалб қилиш ва уни сақлаб қолиш, ижтимоий шериклар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, жамоа шартномалари орқали касаба уюшмалари аъзоларининг меҳнат манфаатлари ва ҳуқуқларини таъминлаш ва кейинги йилларда ҳатто суд орқали ҳимоя қилиш фаолиятини қамраб олди.
Айниқса, Президентимизнинг 2020 йилда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг VIII Қурултойига йўллаган табриги ва Қурултой ўтказилаётган сана - 11 ноябрни "Касаба уюшмалари куни" деб белгилаш таклифи берилгани Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихида алоҳида ўрин тутади. Бу ўз навбатида, касаба уюшма ташкилотларига ўз фаолиятини янада кучайтиришга имконият яратди ва катта туртки бўлди.
Ўтган ҳисобот даврида касаба уюшмалари республикамиздаги энг йирик фуқаролик жамияти институтларидан бири сифатида ушбу йўналишда ижтимоий шериклик тамойиллари асосида фаолият юритиб, катта ютуқларга эришгани, шу билан бирга, касаба уюшмалари ҳукуматимизнинг энг яқин ҳамкори ва ишончли шериги сифатида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишларида катта ҳисса қўшиб келаётганлиги ҳақида сўз юритилди.
Ҳисобот даврида касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан иш ҳақи, пенсия, стипендия, мажбурий ва компенсация тўловларининг ўз вақтида тўланишини амалга ошириш бўйича олиб борилган мониторинг таҳлили иш ҳақидан қарздорликни бартараф этиш масалалари бўйича иш берувчиларга 11 марта, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига 4 марта расмий талабномалар қўйилди ва натижада 21 млрд. 959 миллион сўмдан ортиқ муддати ўтган қарздорликлар ундирилди.
Ўтган ҳисобот давридан бошлаб бугунги кунга қадар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгашига юридик ва жисмоний шахслардан жами 2 минг 541 мурожаат, шундан 1 минг 456 ёзма, 916 оғзаки, 77 электрон, 92 ишонч телефони орқали мурожаат келиб тушди. Бу ўтган ҳисобот даври билан солиштирилганда қарийб 50 фоизга кўпайганлигидан далолат беради. Ҳисобот даврида 729 та мурожаат касаба уюшмаларининг таклифлари ва судларда кўриб чиқилиши билан тўлиқ қаноатлантирилди. 1 минг 680 мурожаат эгасига меҳнат ҳуқуқлари бўйича тушунтиришлар берилди. 61 та мурожаат тегишлича бошқа ваколатли органларга юборилди. Ушбу мурожаатлар билан ишлаш давомида 6 миллиард 157 миллион 49 минг 929 сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, компенсациялар, маънавий зарарлар мурожаат этувчиларнинг фойдасига ундириб берилди.
2020-2025 йиллар давомида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича 25 минг 685 та чора-тадбир белгиланиб, шундан 14 минг 721 та чора-тадбир бажарилган. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларнинг бажарилишига ишловчиларга меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ жароҳатланиш, касб касалликларига чалиниши ёки соғлиғининг бошқа турли шикастланиши оқибатида етказилган зарарни иш берувчи томонидан ўз вақтида тўлиқ қопланиши юзасидан келиб чиққан низолар масаласида 67 та мурожаат келиб тушиб, мутахассислар иштирокида суд жараёнларида жами 3 миллиард 925 миллион сўм маблағ ундириб берилди.
Халқимиз маънавиятини юксак босқичга кўтариш, Янги Ўзбекистон стратегиясини меҳнаткашлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтган ҳисобот даврида 10 минг 517 та корхона, муассаса ва ташкилотларда "Маърифат соатлари" ўтказилиб, уларда 991 минг 844 нафар ишчи-ходим иштирок этди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон республикалари ҳудудидаги тарихий жойларга 54 минг 109 нафар ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг саёҳатлари ташкил этилди.
Қорақалпоғистонда касаба уюшмалари ўз фаолиятининг асосий йўналишларидан бири касаба уюшмаси аъзоларини соғломлаштириш, улар ўртасида оммавий спорт тадбирларини ўтказиш ва уларнинг спорт билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратишда фаоллик кўрсатиб келмоқда. Ўтган йиллар давомида барча бўғиндаги касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан 2 минг 160 та спорт мусобақаси ўтказилиб, уларга 203 минг 286 нафар ишчи ходим иштироки таъминланди. Шу билан бирга, санаторийларда ижтимоий суғурта жамғармаси йўлланмалари ҳисобидан 5 минг 995 нафар ишчи-ходим, шундан 1103 нафар ишчи-ходим бепул ҳамда бугунги кунда тасдиқланган тартиб-қоидаларга мувофиқ, бирламчи ташкилотларда йиғилган аъзолик бадалларининг 10 фоизи ҳисобидан касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан 6914 нафар ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзолари соғломлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессиясида берилган топшириқлари ва 2020 йил 8 октябрдаги "Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда учраётган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар тўғрисида"ги 73-сонли мажлис баённомасининг 103-бандига мувофиқ, Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан Бўзатов туманида 2021 йилда санаторий қуриш бўйича вазифа белгиланган бўлиб, санаторийнинг пойдевори 2023 йил 10 март куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раҳбарлари томонидан қўйилган. Яқин орада замонавий санаторий қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилади.
Қорақалпоғистонда "Аёллар дафтари" рўйхатининг 5 босқичида жами 215 минг 91 хотин-қизларнинг муаммолари ҳал этилди ва бу мақсадларга жами 308 миллиард 627 млиллион 7 минг сўм сарфланди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан "Аёллар дафтари" доирасида дафтарга киритилган 5816 нафар хотин-қизнинг юртимиздаги диққатга сазовор, тарихий жойларига саёҳатлари ташкил этилди. “Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмасин”, “Касаба уюшмалари – болаларга”, “Касаба уюшмалари - хотин-қизларга”, “Касаба уюшмалари – ёшларга”, “Ватан ўз фидойиларини ёд этади”, “Ўзбекистонда ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмайди” акциялари ўтказилиб, республикада жойлашган Болалар меҳрибонлик уйлари, Ногиронлар уйлари, ҳарбий қисмлар, мактаб-интернат тарбияланувчилари, ёлғиз кексалар, кам таъминланган оилалар, етим ўқувчилар, уруш қатнашчилари ва ногиронларига ҳомийлик мурувват ёрдами кўрсатилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳузуридаги Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш департаменти фаолияти билан оromgohlar.uz инновацион онлайн-платформаси ишга туширилди.
Конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши Тафтиш комиссиясининг ҳисоботи тингланди ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгашининг ҳисобот давридаги ишлари қониқарли деб топилди ва келгусидаги вазифалари белгилаб олинди.
Делегатлар яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Кенгашининг раиси ва унинг ўринбосарини сайлади. Сайлов натижаларига кўра, Қорақалпоғистон Кенгашининг раиси лавозимига Улуғбек Жалменов ва унинг ўринбосари лавозимига Муратбай Данияровлар ҳамда ижроия қўмитаси, тафтиш комиссиясининг аъзолари ва раиси сайланди. Шу билан бирга, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг IX Қурултойига делегатлар сайланди. Бош кенгаш таркибига вакиллар ҳам тасдиқланди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Қ. Рафиқов иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА