Қадрият
Бухоро “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши томонидан “Алла – оналар қўшиғи” мавзусида танлов ташкил этилди.
Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги олдидан ташкил этилган “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган тадбир аввалида сўз олган “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши депутати, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг минтақавий вакили Абира Ҳусейнова 34 йил илгари халқимизнинг қўлга киритилган мустақиллигимиз янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг пировард мақсадларига эришиш учун ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда Бухоро вилоят мусиқали драма театри олий тоифали актёри, “Шуҳрат” медали соҳиби Анвар Мавлонов мустақиллик тарихи, мустақиллик қадри, мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар, бугунги кундаги ўзгаришлар, янгиланишлар жараёнининг моҳиятида Инсон ва унинг фаровон ҳаёти мужассамлиги ҳақида гапириб, танлов иштирокчиларига омад тилади ҳамда ўз актёрлик маҳоратини намойиш этиб, монологлар айтди.

Ўзбек тили, ўзбек мусиқаси ва оҳангининг бетакрор жозибасини алла орқали бола руҳиятига сингдириш, алла ва унинг атрофида шаклланган миллий қадриятларни сақлаб қолиш, ёш авлоднинг маънавий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашда оналарнинг масъулиятини оширишни мақсад қилган танловда иштирокчилар томонидан алла қўшиқлари куйланди.

Ҳакамлар ҳайъатининг якдил қарорига кўра, учинчи ўрин Меҳринисо Шарипова ҳамда Дилдора Набиевага, иккинчи ўрин Шоҳида Баҳроновага насиб этди. Фахрли биринчи ўринга Дилноза Муқимова лойиқ, деб топилди.

Танлов ғолиблари партия вилоят Кенгаши томонидан махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.