Алкоголли ичимликларни суиистеъмол қилиш инсон саломатлигига жиддий хавф туғдиради. Агар бундай маҳсулот акциз маркасиз бўлса, унинг хавфи янада ортади.
Чунки акциз маркасиз маҳсулот унинг тегишли стандартлардан ўтмаганини билдиради. Яъни яширин цехларда қўлбола усулда ишлаб чиқарилган маҳсулотда акциз марка бўлмайди ёки бўлса ҳам, сохта бўлиши аниқ.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан спирт ва алкоголь маҳсулотларни ноқонуний ишлаб чиқариш ва сотишнинг олдини олиш борасида тезкор чоралар кўриб борилмоқда.
Мисол учун, Департаментнинг Термиз шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда 1,8 минг дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари савдога қўйилгани аниқланган.
Департамент ҳамда ДХХнинг Денов тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса «Ободон» маҳалласида яшовчи 6 нафар фуқаро ўз уйларида этил спиртидан алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқараётгани аниқланган.
Ушбу хонадонлардан жами 3 минг 240 дона қўлбола усулда тайёрланган “Denov” номли алкоголь маҳсулоти, 2 минг 784 литр спирт ҳамда кўп миқдордаги қалбаки акциз марка, қопқоқ, бўш идишлар ва бошқа товар-моддий бойликлар борлиги маълум бўлди.
Департаментнинг Гурлан тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Ў.S.» хусусий корхонасининг Гурлан туманидаги савдо дўконида акциз маркасиз 588 қути турли машҳур ном остидаги қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулотлари савдога қўйилгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бунда акциз маркасиз ёки қалбаки акциз маркали маҳсулотларни муомалага киритилиши йўллари ҳамда уларнинг хомашё манбаларини аниқлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қуйи Чирчиқ тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “E.G.» масъулияти чекланган жамияти томонидан лицензиясиз қонунга хилоф равишда 100 миллион сўмлик 5 минг литр техник этил спирти муомалага киритиш мақсадида олиб келинганлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
2021 ва жорий йилнинг ўтган даврида бу борада олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлар давомида 198 ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, 81 жиноят ва 117 маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилган.
Алкоголь маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқаришга ихтисослашган 19 та яширин цех фаолиятига барҳам берилди.
Ўтказилган тезкор тадбирлар ҳамда терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида яширин цехлар орқали қўлбола усулда ишлаб чиқарилган 47,2 минг литр этил спирти маҳсулоти ва 90,7 минг дона қалбаки акциз маркали, сифатсиз алкоголли маҳсулотларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди.
Ҳуқуқбузарлардан 2,4 миллиард сўмлик алкоголь ҳамда яширин ишлаб чиқариш ускуна ва анжомлари ашёвий далил сифатида олинди.
Департамент органлари томонидан ушбу йўналишдаги профилактика ва тезкор-қидирув тадбирлари изчиллик билан давом эттиради.
Соҳа ходимлари фуқароларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаган, хуфиёна тарзда фаолият олиб бораётган шахслардан, шунингдек, акциз маркасиз, қалбаки акциз маркали ва тегишли тартибда маркировкаланмаган алкоголли маҳсулотларни сотиб олишдан сақланишга чақиради.
Алкоголли маҳсулотларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ҳолатларига дуч келганда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментинг 71-233-10-07 рақамли ишонч телефони ёки www.new-department.uz расмий веб-сайти орқали мурожаат қилиш мумкин. Мурожаат этувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.
Н.Абдураимова, ЎзА