Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида бўлиб, жойларда аҳолининг ишсиз қатламини бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка жалб этиш, томорқалардан унумли фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни ўрганди.
Дастлабки манзил Қарши шаҳридаги касбий кўникмалар маркази бўлди. У ерда назорат таҳлил тарзида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Таъкидлаш лозимки, марказда бугунги кунда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 32 та йўналиш бўйича замонавий касбларга тайёрлаш, хорижий тиллар, рақамли технологиялар ва тадбиркорликни ўргатиш курслари ташкил этилган.

2025 йил январь-апрель ойлари давомида 1 минг 332 нафар ишсиз ҳамда банд бўлмаган фуқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга тайёрлаш ва хорижий тилларни ўргатиш курсларига жалб этилган бўлиб, шулардан 813 нафар фуқаро ўқув курсларини битирган. Битирувчиларнинг 705 нафарининг бандлиги таъминланган. Уларнинг 32 нафари ногиронлиги бўлган фуқаролар саналади.
Кейинги манзил Ғузор туманидаги Даштобод маҳалласи бўлиб, у ердаги “еттилик” фаолияти яқиндан ўрганилди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида камбағал оилаларга берилган ер участкаларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг даромадларини ошириш орқали камбағалликдан чиқариш бўйича кўрилаётган чоралар билан танишилди.
Масалан, ушбу маҳалла “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида помидорчиликка ихтисослаштирилган бўлиб, бугунги кунда 291 та оилага 500 гектар ер майдони ажратиб берилган. Рақамлар асосида таҳлил этадиган бўлсак мавсум давомида ҳар бир оила 80-100 миллион сўмдан даромад кўриб, оилалар ўзини ўзи бандлигини таъминлаб келмоқда. Шунингдек, қўшни маҳаллаларда яшовчи 250 нафардан зиёд ишсиз фуқаролар мавсумий ишчи сифатида жалб қилинган.

Ғузор туманидаги ўрганишлар давомида партия фаоллари “Мири-Жанда ота” қадамжосини ҳам зиёрат қилди. Зиёратгоҳни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, келгусида мажмуага айлантириш орқали ҳудудда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.
Учрашувлар якунида тумандаги 1-сон политехникумда Германиянинг “Avestos” компанияси билан ҳамкорликда халқаро таълим дастури асосида металлларга ишлов бериш касбига ўқитиш лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.
Маълумот ўрнида, мазкур политехникумда ишлаб чиқариш амалиётини йўлга қўйиш мақсадида бугунги кунда 82 та ташкилот ва корхона билан ҳамкорлик шартномалари тузилган. Ҳозирда ушбу таълим муассасасида 1 минг 225 нафар ўғил-қиз қурилиш, енгил саноат буюмлари конструкцияси ва технологияси, автомобилларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш, ташишларни ташкил этиш ҳамда транспортни бошқариш каби касбларга ўқитилмоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири