Янги китоб
Давр тўфонларига қарамай, 1950-60-йилларда Алишер Навоий асарларининг турли матнларини нашр этиб ўқувчиларга етказиш йўлида амалга оширилган ишлар бугунги авлодлар таҳсинига сазовор бўлиб келмоқда. Шу ўринда Садриддин Айний, Порсо Шамсиев, Ҳамид Сулаймонов ва Суйима Ғаниева каби матншунослар номини эслаб ўтиш лозим.
Кейинги йилларда ушбу олимларнинг илмий мероси объект қилиб олинган бир неча тадқиқотлар амалга оширилди. Жумладан, Ҳамид Сулаймоннинг ҳаёти ва фаолиятига оид бир неча илмий ва оммабоп ишлар асосини Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ, десак, янглишмаган бўламиз.
Навоийшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Ҳамид Сулаймонов 1950 йиллардан бошлаб Алишер Навоий девонлари қўлёзмаси устида катта ишларни амалга оширди. Бу ишлар самарaси ўлароқ 1958 йили Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний”сини ташкил этувчи тўрт девон – “Ғаройиб ус-сиғар”, “Наводир уш-шабоб”, “Бадойиъ ул-васат”, “Фавойид ул-кибар”ларнинг илмий-танқидий нашри биринчи марта аслият ва жорий ёзувда амалга оширилди. 1961 йили олим бутун дунёдан энг нодир нусхалари олиб келинган қўлёзмалар тадқиқи асосида “Алишер Навоий лирикаси матншунослик тадқиқи” номли докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Афсуски, ушбу диссертация ўзбек тилига таржима қилинмаган ва рус тилидаги вариант асосида ҳам китоб ҳолида чоп этилмаган. Шунга қарамай, 70 йил аввал Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний” илмий-танқидий матнининг тайёрланиши ўша давр учун жуда катта натижа бўлган.
Тан олиш керакки, Ҳамид Сулаймонов тайёрлаган мазкур матн ўша даврдан то ҳозиргача Навоий шеъриятининг турли нашрлари учун асос бўлиб келмоқда. Унинг Навоий лирикаси тарихига доир ишлари устида диссертациялар ёзилиб, ҳимоя қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат Адабиёт музейи томонидан “Профессор Ҳамид Сулаймон номидаги ёш матншуносларнинг илмий-амалий республика конференцияси”нинг ўтказиб келинаётгани ҳам келажакда соҳани давом эттириши мумкин бўлган мутахассисларнинг етишиб келаётганини англатади.
Аслида Алишер Навоий меросини манбашунослик нуқтаи назаридан ўрганишга бобомиз таваллудининг 500 йиллиги арафасида жиддий киришилди. Кейинчалик йиллар мобайнида асарларининг илмий-танқидий, йиғма ва факсимиле матнлари, уларнинг нашрлари юзага кела бошлади.
Жумладан, “Маҳбуб ул-қулуб” (Андрей Кононов), “Хамса” достонлари (Садриддин Айний, Порсо Шамсиев), “Хазойин ул-маоний” (Ҳамид Сулаймонов, Людмила Дмитриева, Олим Давлатов), “Илк девон” (Ҳ.Сулаймонов), “Оққўюнли мухлислар девони” (А.Эркинов, Рустам Жабборов), “Бадоеъ ул-бидоя” (Шарофиддин Шарипов), “Наводир ун-ниҳоя” (Марьям Раҳматуллаева), “Мезон ул-авзон” (Иззат Султон), “Лайли ва Мажнун” (Ғулом Каримов), “Мажолис ун-нафоис” (Суйима Ғаниева), “Лисон ут-тайр” (Шарафиддин Эшонхўжаев, Манзар Абдулхайров), “Садди Искандарий” (Порсо Шамсиев, Мавжуда Ҳамидова), “Муфрадот (Рисолаи муаммо)” (Лутфулла Зоҳидов), “Насойим ул-муҳаббат” (Ҳомидхон Исломов) ва бошқа асарларнинг илмий-танқидий, йиғма матнлари ва нашрлари, факсимилеси яратилди.
Ҳамид Сулаймонов ва Порсо Шамсиев каби олимлар бошлаб берган Навоий асарлари матншунослиги йўналишида Навоий девонлари қўлёзма нусхаларининг хорижий фондлардан топилиши ёки тадқиқ этилиши Навоий лирик меросининг янги қирраларини очди.
Ўз ўрнида айтиш лозимки, Ҳамид Сулаймоновнинг илмий фаолияти бўйича баъзи тадқиқотлар мавжуд эканига қарамай, олимнинг матншунослик бўйича бир қатор нашрларидан ҳозирги ёш авлод – тадқиқотчи ва китобхонлар етарлича хабардор эмас. Сабаби, бу нашрларнинг катта қисми анча аввал – 1960-1970-йилларда чоп этилган. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, Тошкент давлат шарқшунослик университетида “Алишер Навоий лирикаси Ҳамид Сулаймон тадқиқотларида” номли тўплам нашрга тайёрланиб, чоп этилди.
Тўпламнинг салмоқли қисмини профессор Ҳамид Сулаймоннинг олиб борган бир қатор тадқиқотлари, жумладан, диссертацияси, автореферати ташкил этади. Шунингдек, яқинлари ва замондошлари томонидан олим шахсияти ва фаолиятига доир бир қатор хотираларни ҳам ўқиш мумкин.
Бундан ташқари, олимга замондош ва издош бўлганларнинг мазкур йўналишда ёзган тадқиқотлари иловалар тарзида тақдим этилган. Тўпламдан ўрин олган барча мақолалар бундан аввал бошқа турли илмий нашрларда чоп этилган.
Уларни мазкур китоб ҳолида қайта нашр этишдан мақсад – соҳага доир тадқиқотларни бир ўринга жамлаш, тадқиқотчи ва китобхонларга етиб боришини қулайлаштиришдан иборатдир.
Қолаверса, навоийшуносликнинг матншунослик ва манбашунослик йўналиши XX асрдаёқ катта ютуқларга эришгани, бунда профессор Ҳамид Сулаймоннинг хизматлари ётганини келажак авлод кўз ўнгида гавдалантиришдир.
Афтондил ЭРКИНОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессори,
филология фанлари доктори.
ЎзА