Маълумотларга кўра, Хитойнинг учта энг йирик интернет-корпорацияси “BAT” деб юритилади. Уларнинг бири – “Baidu” биз яхши билган «Яндекс» каби қидирув тизими, иккинчиси – “Alibaba Group” электрон тижорат платформаси, учинчиси эса “Tencent”, яъни ижтимоий тармоқ ва ўйинлар майдони ҳисобланади. Яқинда мамлакатимиз ҳам “Alibaba global” номли савдо майдончасида ўз ўрнига эга бўлди. Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқда кенг муҳокама қилинган бу хабар фуқароларимиз томонидан ижобий кутиб олинди.
“Alibaba.com” йиллик айланмаси 106 миллиард долларни ташкил этадиган Хитойнинг етакчи IT соҳасига ихтисослашган савдо платформасидир. “Taobao.com”, “Tmall”, “Alibaba.com”, “AliExpress” каби веб-порталларни жамлаган компаниянинг асосий фаолияти В2В шаклида савдо операцияси ва онлайн чакана савдо ташкил қилишга йўналтирилган.
Мазкур нуфузли халқаро электрон савдо майдонида МДҲ мамлакатлари орасида Россия ва Қозоғистондан кейин учинчи бўлиб мамлакатимиз миллий павильони расман очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон бўлагига 4800 дан кўп турдаги товарга эга 50 дан зиёд маҳаллий компания киради.

Бу натижага эришилишида муҳим ҳужжат - Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ва “Alibaba Group” корпорацияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Энди Хитойнинг улкан электрон савдо бозори орқали миллий маҳсулотларимиз экспорти йўлга қўйилди.
Шартнома доирасида Агентлик товарларни “Alibaba marketpley”да рўйхатдан ўтказиш учун 70 та маҳаллий экспортчи корхонага 4.6 миллиард сўм миқдорида молиявий ёрдам кўрсатди.

Янги узилган ва қуритилган мева-сабзавот, тайёр тўқимачилик ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи, сайёҳлик хизмати кўрсатувчи компанияларимиз бугунги кунга қадар 67.1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишга муваффақ бўлди. Муҳими, ушбу платформада ўзбек экспортчилари ва ишлаб чиқарувчилари сафи кун сайин кенгаймоқда. 2022 йил охирига келиб, бу миқдорни 100 га етказиш режалаштирилган.
Бундан ташқари хитойлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда 300 дан ортиқ маҳаллий корхона вакили учун ушбу электрон платформа имкониятидан самарали фойдаланиш бўйича 4 та семинар-тренинг ўтказилди. Йил охиригача жами 500 корхона мутахассисларини шундай машғулот билан қамраб олиш кўзда тутилган.
Ҳозирги кунда “Alibaba” платформасида доимий фаолият кўрсатадиган миллий павильонимизда 3 та асосий тармоқ – тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатига мансуб 100 дан зиёдқ турдаги сифатли ва оммабоп маҳсулот бор.
Йил охирига қадар бу ерда электр техникаси, мебель ва аксессуар, чарм-пойабзал маҳсулотлари, спорт анжоми, болалар ўйинчоғи сингари янги тармоқ саҳифалари очилиши режаланган. Натижада экспортга йўналтирилган товар позициялари сони 300 га етади. Мунтазам равишда Ўзбекистон товарлари билан янгилаб бориладиган мазкур павильонда сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда сотув ташкил этиш, харидор рейтингини юритиш ва шарҳ асосида автоматик равишда танлаб олинадиган энг оммабоп, сифатли маҳаллий маҳсулотлар жойланади.
Маълумот ўрнида айтиш лозим, Экспортни рағбатлантириш агентлиги айни ташаббусни тизимли равишда илгари суришда давом этмоқда. Жорий йил 8-15 октябрь кунлари Тошкентда “Alibaba Group” корпорацияси билан ҳамкорликда электрон тижорат форуми, тадбиркорлар учун семинар ва тренинг, шунингдек, савдо майдончаси орқали экспорт қилишга қийналаётган тадбиркорлар учун маҳорат дарси ва индивидуал консультация уюштирилади. Машғулотда ушбу хорижий компаниянинг 5 нафар етакчи эксперти иштирок этади. Тадбир қамров борасида нафақат Марказий Осиё, балки бутун МДҲ ҳудудида энг йирик анжуманга айланиши кутиляпти.
Г.Сатторова,
ЎзА