Бирлашган Араб Амирликларининг “Global South Utilities” компанияси бош директори Али Аш-Шиммарий юртимизда қуёш энергияси бўйича лойиҳалар кўламини кенгайтириш борасидаги ҳамкорлик истиқболи хусусида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
– Абу-Дабида жойлашган “Global South Utilities” (GSU) компанияси республиканинг “Яшил энергия” ихтисослашган корхонасининг 51 фоиз улушини сотиб олган. Капитални кўпайтириш орқали амалга оширилган бу амалиёт бизга мавжуд акциядорлар иштирокини сақлаб қолиш, GSU тизимига директорлар кенгашида ваколат бериш билан бирга, “яшил энергия”ни ривожлантириш учун қўшимча инвестиция жалб қилиш имконини беради. Бинобарин, жамоамиз тўпланган бой халқаро тажрибадан фойдаланиб, 2030 йилгача электр энергияси истеъмолининг 50 фоизини қайта тикланадиган манбалар ҳисобидан қоплаш мақсадига эришишда Ўзбекистонга ёрдам бериш ниятини эълон қилган.

Бизнинг стратегик мақсадимиз махсус лойиҳалар ишлаб чиқиш, муҳандислик ва молиялаштириш имкониятини уйғунлаштириб, тақсимланадиган қуёш фотоэлектр энергияси миқдорини кўпайтиришдан иборат. Шунингдек, тижорат ва саноат объектлари учун том ва ерга ўрнатиладиган қурилмалар, ҳисоблагич ортидаги омборхона ва электр транспорт воситаларини қувватлантириш станцияларини ўз ичига олган тегишли тоза энергия инфратузилмасини ривожлантириш ҳам вазифаларимиз сирасига киради. “Яшил энергия” айни пайт мамлакат бўйлаб тахминан 50 МВт қувватга эга қуёш энергияси лойиҳаларини бошқаради. Ҳамкорликда ўзлаштириладиган янги сармоя кўмагида кейинги босқичда тегишли кўрсаткич ўнлаб мегаватт оширилиши режалаштирилган.
Келгуси лойиҳалар тақсимланадиган қуёш тизими, митти гидро электр станциялари ва электр транспорт воситаларини қувватлаш қурилмаларига қаратилади. Бир йил ичида сезилиши кутилаётган фаолиятимиз кенгайишининг дастлабки тўлқини Ўзбекистон тоза энергияга ўтиши жараёнининг бир қисми сифатида намоён бўлади.
Лойиҳани амалга ошириш стратегияси ҳақида гап кетганда, компаниямиз ишни тезлаштириш ва осонлаштириш учун тасдиқланган дизайн ва муҳандислик усулларидан фойдаланиши, шунингдек маҳаллийлаштириш, жумладан ўзбек пудратчиларини жалб қилиш ва мутахассисларни ўқитишга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлаш жоиз.
“Яшил энергия”га инвестиция киритиш орқали “Global South Utilities” ўзининг Марказий Осиёдаги ишончли молиявий асосга эга тақсимланадиган қуёш тизимини тез ва кенг кўламли ривожлантиришга қаратилган биринчи қадамини ташлади. Бинобарин, биз халқаро лойиҳаларни амалга ошириш стандартини маҳаллий шериклик билан уйғунлаштириш орқали Ўзбекистон янада арзон ва барқарор тоза энергияга ўтишини тезлаштиришга ҳисса қўшиш ниятидамиз.
ЎзА мухбири Муҳаррама Пирматова тайёрлади.