Жиззах вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси мажлислар залида таниқли жамоат арбоби, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг муҳокамасига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда маҳаллий Кенгаш депутатлари, тадбиркорлар, ёзувчи ва шоирлар, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Мулоқот давомида яқинда “Российская газета”да, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мазкур мақоланинг мазмун-моҳияти, унинг бугунги кунда мамлакатимизда кечаётган сиёсий-иқтисодий ва маънавий жараёнларни англашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, сўнгги тўққиз йил мобайнида Ўзбекистон янги юксалиш йўлига кирди. Бироқ бу жараённинг чуқур, нозик қирраларини ҳамма ҳам англаб етаётгани йўқ. Қудратилла Рафиқов мақоласида айнан шундай мураккаб, аммо муҳим масалаларни кўтариб чиқади.
Мақолада муаллиф, хусусан, Учинчи Ренессанс ғояси ҳақида сўз очиб, унинг юқори минбарларда кўтарилганига қарамай, айрим кишилар бу ғояга истеҳзо билан қараётганини танқид қилади. Афсуски, бундай кайфият ҳали-ҳамон жамиятда учраб турибди.
Шунингдек, мақолада “Ислом цивилизацияси маркази” қурилиши мисоли орқали, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан олиб борилаётган ислоҳотларнинг мафкуравий ва маънавий аҳамияти ёритиб берилган. Чуқур таҳлил давомида хорижий экспертлар ва мутахассисларнинг фикрларига ҳам мурожаат қилингани мавзуда холислик ва кенг қамровни таъминлаган.

Муаллиф ўкинч билан қайд этадики, шундай улуғ тарихимиз бўлса-да, уни дунёга тўлиқ танита олмаганмиз.
Маданий меросларимизни бир жойга жамлаб, улар орқали ўз аждодларимизнинг буюклиги, санъати, ихтиролари, илм-фани ҳақида дунёга кенг маълумот беришга ҳануз кечикаяпмиз. Бугун эса, Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган бунёдкорлик ва маърифатпарварлик ислоҳотлари натижасида дунё Янги Ўзбекистонни ва унинг шонли ўтмишини қайтадан кашф қилмоқда.
Қудратилла Рафиқовнинг мазкур мақоласи ҳам, унинг бошқа мақолалари каби, чуқур фалсафий мазмун, диққатга сазовор таҳлиллар ва ўзига хос услубга эга. Унда билдирилган фикрлар орқали битта лойиҳа мисолида мамлакатда кечаётган катта ўзгаришларни ҳис этиш мумкин.
Очиқ мулоқотда мазкур мақолани, айниқса, ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, уни таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар ва ўқувчиларга етказиш, уларда буюк ўтмишга ҳурмат ва бугунги ислоҳотларни чуқур англаш ҳиссини уйғотиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА