
Озарбайжон – Ўзбекистон маданий ҳамкорлиги кўплаб соҳаларни қамраб олган ҳолда, изчил ривожланмоқда. Мамлакатларимизни мустаҳкам тарихий ва маданий алоқалар бирлаштиради. Бу эса қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун замин яратади. ЎзА мухбирининг мамлакатимиздаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон маданият маркази директори Акиф Марифли билан суҳбати шу мавзуда.
– Дастлаб марказнинг Ўзбекистонда Озарбайжон тарихи, маданияти ва адабиётини оммалаштиришга қаратилган охирги ташаббус ва лойиҳалари ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Ўзбекистоннинг бир неча олий ўқув юртида Озарбайжон маданият марказлари муваффақиятли фаолият юритмоқда ва яқин келажакда яна ўнта шундай мажмуа очиш режалаштирилган.
Икки университетда озар тили ва адабиёти курслари очилган. Марказимизда эса тил, рақс ва бадиий тўгараклар бор. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти билан имзоланган келишув доирасида бу йилдан ушбу таълим маскани талабалари марказимизда илмий амалиёт ўтамоқда. Биз бундай ташаббусларни давом эттирамиз.
– Сизнингча, маданий алоқани мустаҳкамлашда икки халқ зиёлилари фаолиятини қай тарзда самарали мувофиқлаштириш мумкин?
– Маданий алоқани ривожлантириш ва мустаҳкамлашда зиёлиларнинг ўрни беқиёс. Шу боис фан ва таълим соҳасида олим ва зиёлиларимиз биргаликда тадқиқот олиб боришмоқда, халқаро анжуман ва симпозиумларда иштирок этиб, университетлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
Театр ва кино ҳам муҳим йўналишлардан. Жорий йилдан бошлаб театрларда озар драматурглари асарлари асосида саҳналаштирилган спектакллар мунтазам намойиш этиляпти.
Озарбайжон ва Ўзбекистон мусиқачилари концерт ва фестивалларда халқларимизнинг бой маданий меросини тарғиб этмоқда. Айниқса, умумий бойлигимиз ҳисобланган муғом ва мақом каби қадимий мусиқа жанрларини асраш, ривожлантириш муҳим.
ОАВ ва ноширлик фаолияти ҳам муносабатларни мустаҳкамлашда алоҳида аҳамиятга эга. Икки мамлакат зиёлилари газета ва журналларда мақолалар чоп этиб, маданият ва тарихнинг муҳим жиҳатларини ёритмоқдалар.
Маданий тадбирлар ташкил этиб, зиёлиларни бирлаштириб, мавжуд тарихий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган қўшма лойиҳалар амалга ошираётган дўстлик жамиятлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратяпмиз.
– Қандай омиллар миллий манфаатлар йўлидаги фаолиятга ундайди?
– Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ривожи чуқур тарихий-маданий алоқалар, ўзаро миллий манфаатларга асосланган. Ҳар икки мамлакатни муштарак туркий илдизлар, тил ва дин, маданият бирлаштириб туради. Низомий Ганжавий, Алишер Навоий, Бобур сингари буюк мутафаккир ва шоирлар мероси бутун туркий олам адабиёти, фалсафа ва санъати ривожида муҳим ўрин эгаллайди. Маданий-гуманитар алоқалар шу асосда ривожланмоқда. Қўшма кўргазма ва театр фестиваллари, концертлар ташкил этилмоқда. Бундай тадбирлар ҳар икки мамлакат бой меросини оммалаштириш, халқаларимиз дўстлиги ва ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.
– Келгусида яна қандай лойиҳалар кўзда тутилган?
– Жорий йил Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев томонидан мамлакатимизда “Конституция ва суверенитет йили” деб эълон қилинди. Бу янги маданий ва ҳуқуқий лойиҳалар амалга ошириш учун ўзига хос имконият очди. Яқин келажакда бир неча муҳим ташаббуслар амалга оширилади. Масалан, халқларимизнинг муштарак тарихий ва маданий мероси ҳақида “Икки давлат, ягона маданият” анталогияси нашр этилиши кутиляпти.
Ёзувчи ва шоирларимиз асарларини ўзаро таржима қилиш ва нашр этишни давом эттириб, маданий мулоқотни мустаҳкамлашга ҳисса қўшамиз. Миллий кутубхоналар ва нашриётлар биргаликда бадиий меросни оммалаштиришга қаратилган лойиҳаларни илгари суради. Бадиий танлов ва анжуманлар ўтказилади. Ҳамкорлик доирасида Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган тадбирлар ҳам ташкил этилади. Бу ташаббуслар халқларимизни янада жипслаштириши шубҳасиз.
ЎзА мухбири Азиза Алимова тайёрлади.