"Air Samarkand" авиакомпанияси тижорат парвозларини бир йилдан буён амалга оширмоқда. Йил давомида компания 839 та рейсни амалга ошириб, флотини учта ҳаво кемасигача кенгайтирди ва қатор янги халқаро йўналишларни очди.
2023 йилда "Air Samarkand" Фуқаро авиацияси халқаро ташкилоти (ICAO) дан Эксплуатант сертификати ва "Samarkand" радио чақирув белгисини олиб, Самарқанддан Истанбулга илк чартер парвозини амалга оширган эди.
Юбилей муносабати билан компания Вьетнамнинг Фукуок оролига ҳафтасига уч марта қатновларни бошлади. Бундан ташқари, Тошкентдан Саудия Арабистонининг муқаддас шаҳарлари Жидда ва Мадинага янги йўналишлар очилди. Барча қатновлар Airbus A330-300 ҳаво кемасида бажарилмоқда.
"Air Samarkand" авиакомпанияси бош директори Зафар Бутаев ўтган йил якунини ижобий баҳолаб, келгусида ҳаво қатновлари тармоғини кенгайтириш ва сайёҳларни жалб қилиш бўйича ишлар давом эттирилишини таъкидлади.
Айни пайтда "Air Samarkand" Истанбул, Шарм Эль-Шейх, Жидда ва Фукуок йўналишлари бўйича мунтазам қатновларни амалга оширмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА