Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолининг солиқ маданиятини юксалтиришга қаратилган акция

Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармаси мутахассислари иштирокида Нукус шаҳридаги савдо мажмуаларидан бирида “Менинг солиғим — юртим иқболи” лойиҳаси доирасида акция ўтказилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларда шу мавзуда тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, аҳоли гавжум жойлар, очиқ савдо мажмуаларида аҳоли ва ёшлар, тадбиркорлар иштирокида “Харид чекини олишни ўрганайлик” ҳамда “Конверт” усулида иш ҳақига рози бўлманг” шиори остида акциялар ташкил этилмоқда.

Учрашув аввалида сўзга чиққанлар мамлакатимизда солиқ соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, солиқ тўлаш маданиятини юксалтириш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий онги ва солиқ саводхонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишларга тўхталишди. Шунингдек, иштирокчиларга солиқ қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришлар юзасидан батафсил маълумот берилди.  

[gallery-27524]

Тарғибот тадбирида аҳолининг солиқ маданиятини юксалтириш, янги иш бошлаган бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш, қонуний тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. "Менинг солиғим — юртим иқболи!" — бу шиор эмас, бу фидойилик, масъулият ва юрт равнақи учун қўшилаётган амалий ҳисса эканлиги қайд этилди.

– Акцияни ташкил этишдан мақсад аҳолининг, шу жумладан, ўсиб келаётган ёш авлоднинг солиқ ҳақидаги билимларини мустаҳкамлаш, келгусида уларни онгли равишда солиқларни ўз вақтида тўлашга жалб этишдир. Чунки вақтида тўланган солиқ бу мамлакатимиз тараққиётидан тортиб, ҳар бир фуқаронинг фаровон ҳаётини, фарзандларимизнинг бахтли келажагини таъминлашга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам солиқ тўлаш бу мажбурият эмас, балки онгли танловдир. Ўз вақтида тўланган солиқ ҳисобидан талаба ёшларимиз стипендия, ходимлар иш ҳақи, кексаларимиз пенсия билан таъминланади, – дейди Солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Тўрабек Тўраев.

Айримлар учун арзимасдек туюлган харид чекини талаб қилишнинг аҳамияти, яширин иқтисодиёт, хусусан, савдо тушумларини яшириш, солиқдан қочиш ва норасмий бандликнинг салбий оқибатлари ҳамда харид чеки учун жорий этилган кешбек, солиқ имтиёзлари ва енгилликлар, солиқларнинг турлари ва муддатлари ҳақидаги саволларга тўғри жавоб берган фуқароларга Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармасининг махсус совғалари тарқатилди.

Мазкур акция фуқаролар ўртасида солиқ маданиятини юксалтириш ва асосийси, яширин иқтисодиётнинг олдини олишга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари