Муносабат
Мамлакатимизда давлат бошқаруви тизими босқичма-босқич трансформация қилинмоқда, сиёсий институтлар ва маъмурий ислоҳотлар орқали инклюзивлик, шаффофлик ва самарадорлик каби демократик қадриятлар асосида қайта шакллантириляпти. Олиб борилаётган ислоҳотлар, энг аввало, давлат бошқарувидаги бюрократик тўсиқларни камайтириб, халқ манфаатларини биринчи ўринга қўйиш, маҳаллий ва марказий бошқарув органлари фаолиятини мослашувчан, тезкор, замонавийлаштиришдан иборат.
Бироқ, ҳар қандай тузилмавий ислоҳотнинг муваффақияти, аввало, уни амалга оширувчи кадрлар фаолиятига боғлиқ. Шу боис малакали ва ўз ишига масъулият билан ёндашувчи кадрлар корпусини шакллантириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айланди. Айни шу мақсадда Президентимиз томонидан 2025 йил 19 июнь куни “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинди. Ушбу фармон мамлакат бошқарув тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган стратегик қадам бўлди.

Фармон давлат фуқаролик хизматини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш, давлат хизматчилари ишини натижадорликка йўналтириш, аҳолининг давлат хизматига бўлган ишончини янада ошириш, соҳага истиқболли кадрларни жалб қилиш ва уларни профессионал мутахассис этиб тайёрлашнинг самарали тизимини жорий қилишга йўналтирилди. Фармон лойиҳасини тайёрлашда маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳамкорлиги таъминланди, шунингдек, Ирландия, Франция, Германия, БАА, Латвия, Англия, Испания, АҚШ, Корея, Қозоғистон, Озарбайжон, Босния ва Герцеговина, Сингапур каби давлатлар тажрибаси ўрганилди. Бу ҳужжатнинг пишиқ ва замонавий стандартларга жавоб беришини таъминлади.
Фармоннинг стратегик йўналишлари
Фармон билан 2025-2026 йилларда давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этишнинг асосий йўналишлари белгиланди. Жумладан, давлат органларида кадрлар билан ишлашнинг замонавий усул ва механизмлари ҳамда яхлит тизимини жорий этиш, салоҳиятли ва истиқболли раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш, янги авлод раҳбар кадрларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, ходимлар давлат фуқаролик хизматига қабул қилингандан бошлаб бутун меҳнат фаолияти давомида зарур билим ва касбий компетенцияларини узлуксиз ривожлантиришини ташкил этиш ва мониторинг қилиш, давлат хизматига хотин-қизларни кенг жалб қилиш учун уларнинг соҳага бўлган қизиқиши, манфаатдорлиги ва ишончини ошириш назарда тутилган. Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш каби йўналишларга устуворлик берилиши қайд этилган.
Трансформация жараёнлари
Фармон билан соҳада қатор янги механизмлар жорий этилади. Жумладан, эндиликда давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йил муддатга тузилади ва кейинчалик фаолиятининг ижобий натижаларига кўра меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилади.
Шунингдек, давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари мажбурий “Давлат хизматига кириш” махсус курсларини ва кейинчалик ҳар уч йилда камида бир маротаба малака ошириш курсларини ўтайди. Мазкур курсларнинг якунлари бўйича эса уларнинг назарий билим ва кўникмалари диагностикадан ўтказилади.
Аҳамиятлиси, диагностикада давлат хизматчиларининг тегишли соҳа ва тармоқ бўйича билим даражаси, ҳужжатларни тузиш ва давлат тилида иш юритиш кўникмалари, таҳлилий, раҳбарлик ва коммуникативлик малакалари, компьютер саводхонлиги, қонунчиликдаги янгиликларни, Ўзбекистон тарихи ва хорижий тилларни ўзлаштирганлиги, умумий эрудицияси, психологик диагнози ва интеллектуаллик коэффициенти (IQ) баҳоланади.
Диагностика ва фаолият самарадорлиги (KPI) натижалари ходимларнинг касбий компетенциялари ривожланишини узлуксиз онлайн мониторинг қилиш тизимида йиғилади ва таҳлил қилинади. Таҳлил натижаларига кўра, ходимнинг мавжуд билим ва кўникмаларини касбий ривожлантириш харитаси – портфолиоси яратилади. Касбий ривожлантириш харитаси асосида давлат хизматчиси ривожлантириши лозим бўлган “юмшоқ” ва “қаттиқ” кўникмалари бўйича мажбурий малака ошириш, жумладан, мустақил таълим олиш дастурини ўтайди.
Шунингдек, вазирлик ва идоралар томонидан ходимларни хорижда ўқитиш, тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда стажировкасини ташкил этиш, шу жумладан, грантлар ёки донорлар маблағлари ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида ўқитиш, тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда стажировкаси билан боғлиқ тадбирлар амалга оширилади.
Бунда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (ҳозирда Бошқарув самарадорлиги агентлиги), Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамкорлигида давлат хизматида кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини жорий этади.
2026 йилдан бошлаб иқтидорли бошқарувчилар ва лидерларни, янги авлод раҳбарларини аниқлаш ва танлаш бўйича “ТОП-100” дастури йўлга қўйилади. Салоҳиятли ва истиқболли раҳбарларнинг барқарор захираси шакллантирилади, вазирлик ва идораларда давлат хизматчиларининг оиласи учун “оила куни” (family day) ташкил этилади.
Шунингдек, илк маротаба давлат хизматчиларига малака даражалари ҳам берилиши белгиланди. Қолаверса, Давлат органлари фаоллигининг миллий рейтинги жорий этилади. Рейтинг натижаларига кўра, қуйи поғонадаги давлат идораларининг иш усулларини ўзгартириш, бошқарув жараёнларини оптималлаштириш (BPR-реинжиниринг) чоралари амалга оширилади ҳамда Ҳукумат мажлисларида раҳбарлар фаолиятига баҳо бериб бориш тизими йўлга қўйилади. Фармоннинг яна бир концептуал жиҳати – унда давлат фуқаролик хизмати тизимини ислоҳ қилишга доир бир қатор институционал ташаббусларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий механизмлар тасдиқланди. Бу эса соҳадаги ташкилий-ҳуқуқий муносабатларни аниқ меъёрларга асосланган ҳолда тартибга солиш, амалга ошириладиган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Жумладан, Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичлари, Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар, Давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинадиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати, республика, ҳудудий ва туман даражасидаги давлат органлари давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри ва бир қатор низомлар тасдиқланди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ушбу норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши давлат фуқаролик хизматини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш, давлат хизматчилари ишини натижадорликка йўналтириш, аҳолининг давлат хизматига бўлган ишончини янада оширишда янги даврни бошлаб беради.
Севара ЗОКИРОВА,
юридик фанлар бўйича PhD.
ЎзА