Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов Қашқадарёда бўлиб, фуқароларнинг муаммоларини тингламоқда.

Вазир ўринбосари иштирокида жойларда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда. Масалан, Қарши туманидаги “Шайхали” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган сайёр қабулда 30 нафарга яқин фуқаронинг мурожаати тингланиб, 20 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ҳамда 10 та мурожаат иш юритувига олинди.

Унда фуқароларни қизиқтираётган асосий масалалар – ишга жойлашиш, бандлик, моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, кадастр ва шахсга доир ҳужжатларни расмийлаштириш каби мурожаатлар тингланди.

Қабул давомида фуқаро М.Алимов иш билан таъминлашни сўраб мурожаат қилди ва касбга ўқитиш учун мономарказга йўлланма олди.
Шунингдек, Умида Рўзиқулова уй-жой учун ортиқча солиқлар чиқиб келаётганлигидан норози бўлса, Ҳусниддин Қудратов ўз маҳалласида илк марта ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтди. Қабул давомида фуқаронинг мурожаати ўрганилиб, 20 дан ортиқ давлат хизматлари сайёр тартибда кўрсатилди.
Вазир ўринбосари Қарши шаҳридаги Хонтепа маҳалласида фаолият юритаётган “Той бола” ўйинчоқ ишлаб чиқариш корхонасида ҳам бўлди.

Корхонада 65 нафарга яқин ишчи бўлиб, уларнинг кўпчилиги кўзи ожиз ва ногирон фуқароларни ташкил этади.
Вазир ўринбосари маҳаллий бозорлардан ташқари экспорт учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳақида ҳам ўз тавсияларини берди.

Қолаверса, масъул вилоятда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан қизиқди.
Вазир ўринбосари ишчи гуруҳ билан биргаликда Қарши шаҳридаги Нахшаб маҳалласида бўлиб, фуқаролар ва маҳалла еттилиги билан учрашиб суҳбатлашди, соҳага оид қонунчилик тўғрисида тушунтиришлар берди.
Шунингдек, ижтимоий аҳволи оғир аҳоли қатламининг ҳаётини яхшилаш учун – маҳаллий бизнес ва ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали бандликни ошириш, кичик бизнесга солиқ енгилликлари бериш ва имтиёзли кредитлар тақдим этиш, аҳолига бюджет юритиш ва ҳоказолар ҳақида ўз таклифларини берди.
Нахшаб маҳалласида 6 минг 350 нафар аҳоли бўлиб, камбағаллар 16 нафарни ташкил қилади. Ишсизлар сони эса жами 52 нафар.
Маҳалла аҳолиси асосан тадбиркорлик ҳамда ишлаб чиқариш билан машғул.
Алишер Каримов маҳалладаги “Кумуш” оилавий тадбиркорлик кийим-кечак ишлаб чиқариш цехида бўлиб, маҳалланинг ишсиз қатламини иш билан таъминлаш юзасидан тавсиялар берди.

Шунингдек, Зилола Шариповага тегишли 50 ўринли “Зилола” МЧЖ ўқув маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Марказ раҳбари аёлларни тадбиркорликка бепул ўқитадиган ўқув марказ очиб, ишсиз ва тадбиркорликни энди бошлаётган хотин-қизларга кўмак бериб келмоқда.
Тадбиркор Бегзод Қаҳҳоров эса маҳаллада “Флора” гигиена маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи МЧЖ ташкил қилиб, маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаб келмоқда.
Вазир ўринбосарининг вилоятдаги ўрганишлари давом этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири