Суриянинг муваққат Президенти Аҳмад Аш-Шараъ кеча Москвага расмий ташриф билан келди. У 2024 йил декабрда Башар Асад ағдарилган қўзғолонга раҳбарлик қилган. Асад Россиянинг ташқи иттифоқчиларидан бири эди. РФ уни қўллаб-қувватлаш учун ўн йил аввал Суриядаги фуқаролик урушига аралашган. Бунинг ортидан Башар кўп йил ҳокимият тепасида қолишга эришди. Матбуот Аҳмад Аш-Шараъ Москвага ташрифи чоғи Путиндан Асад экстрадиция қилинишини сўраши мумкинлигини ёза бошлади.
Аш-Шараъ ҳокимиятга келгач, АҚШ ва Ғарбга яқинлаша бошлади. Шу билан бирга у Москва билан ҳам прагматик муносабатни сақлашга уриняпти ва Россияга Суриянинг қирғоқ бўйидаги ҳарбий-ҳаво ва денгиз базалари устидан назоратни сақлаш имконини бераётир. Учрашув арафасида Кремль Россия базаларининг келажаги мавзуси ҳам муҳокама қилинишини айтди.
Аш-Шараъ мулоқот бошидаги қисқа телевизион мурожаатида Россия базалари ҳақида гапирмай, ўзаро тарихий алоқалар ривожланиши муҳимлигини таъкидлади. Президент Владимир Путин эса ўз навбатида Сурияда парламент сайлови ўтказилгани учун Аш-Шараъни мақтаб, ўша тадбирни “йирик муваффақият” деб атади.
Айни пайт Украина билан кенг кўламли урушда банд бўлган, Сурияда фақат кичик ҳарбий бўлинмани сақлаб турган Москва Асадга ёрдам бериш ёки қўзғолончилар ҳужумига қарши туришга ҳаракат қилмади. Асад мамлакатдан қочгач эса Россиядан бошпана топди.
Аҳмад Аш-Шараъ “CBS News” телеканалига берган интервьюсида Сурия ҳукумати Башар Асад суд қилиниши учун “бор ҳуқуқий воситалар”дан фойдаланишини билдирди. Кремль эса бу мавзуни шу пайтгача четлаб ўтмоқда.
Душанба куни журналистлар билан суҳбатда РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Асадга “ўзи ва оиласи жисмонан йўқ қилиниши хавфи мавжудлиги туфайли” қабул қилинганини таъкидлади. Шунингдек, Башар Москвада заҳарлангани ҳақидаги даъвони ҳам инкор этди. Унинг “Москвада яшаши учун ҳеч қандай муаммо йўқлиги ва заҳарланиш содир бўлмагани”ни маълум қилди.
Дарвоқе, январь ва сентябрь ойларида Россия делегациялари Дамашққа борган. Сурия ташқи ишлар вазири июль ойида Москвага ташриф буюрган.
Янги ҳукумат РФ билан муносабатни сақлаши урушда вайрон бўлган мамлакатни тиклаш учун муҳим. Кремль эса ушбу араб давлатидаги денгиз ва ҳаво кучлари базасини сақлаб қолишдан манфаатдор. Ушбу манзиллар Россиянинг Ўрта Ер денгизи минтақасидаги ҳарбий иштирокида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Аҳмад Аш-Шараъ интервьюсида руслар билан кўп йиллик муносабат энергетика, озиқ-овқат таъминоти ва стратегик манфаат каби соҳаларга тааллуқлилигини айтди. Унинг таъкидлашича, Сурия ушбу соҳаларда қисман Россияга боғлиқ.
Сурияда 2011 йил мартда бошланган уруш 500 000 нафарга яқин инсоннинг ёстиғини қуритган. Урушдан аввал 23 миллион аҳолига эга мамлакатнинг ярим аҳолиси уйини тарк этган. 5 миллиондан ортиқ суриялик мамлакатдан қочиб, кўпчилик Европага йўл олган.
Асад ағдарилгач, дастлаб кўплаб сурияликларда барқарорликка умид уйғонди. Бинобарин, алавийлар ва друзлар каби озчилик гуруҳларга қилинган ҳужумлар юзлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлди, хавфсизлик борасидаги хавотирни қайта жонлантирди.
Жорий йил майда Аҳмад Аш-Шараъ АҚШ Президенти Дональд Трамп билан шахсан учрашди. Трамп янги етакчини “ёш, ғайратли йигит” дея таърифлади.
Бу мулоқот АҚШ томонидан Асад режими учун жорий этилган санкция бекор қилинишига йўл очди.
Дарвоқе, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 2020 йилдаги ҳисоботида Россия ҳаво кучлари томонидан Башар Асад фойдасига қилинган айрим ҳаракатлар “ҳарбий жиноят” сифатида баҳоланиши мумкинлиги айтилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/HARQk9oe_U4" title="Ahmad Ash-Shara’ Moskvada" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА