Ўзбекистонда банк-молия тизимида ҳалоллик, шаффофлик ва масъулият тамойилларини кучайтиришга қаратилган ташаббуслар сўнгги йилларда изчил кенгайиб бормоқда. Хусусан, бугун “Агробанк” АТБ томонидан Антикоррупция ойлиги доирасида ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни” мазкур йўналишдаги амалий ишларнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Агробанк раҳбарияти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг фаол иштироки банк тизимида коррупцияга қарши курашиш масаласи давлат идоралари, молиявий муассасалар ва жамоатчилик учун тенг даражада долзарб эканини кўрсатди.
Агробанк сўнгги йилларда комплаенс тизимни мустаҳкамлаш, ходимларнинг масъулиятини ошириш ва ҳар бир операцияда шаффофликни таъминлаш борасида бир қатор ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бу тизим коррупцион хавфларни аниқлаш ва зудлик билан чоралар кўриш имконини беради.
Электрон банк хизматларининг кенгайтирилиши ва жараёнларни тўлиқ автоматлаштириш орқали инсон омили сезиларли даражада қисқартирилмоқда. Бу эса коррупцион хавфларнинг асосий манбаларидан бири бўлган бевосита мулоқотларни камайтиради.
Тадбирда Марказий банк вакиллари банк хизматларида коррупциянинг олдини олиш ва шаффофликни таъминлаш бўйича белгиланган талаблар, ички назорат тизимларини кучайтириш масалаларига алоҳида урғу берди.
[gallery-26731]
Марказий банкнинг ташаббуслари сўнгги йилларда банклар фаолиятини халқаро стандартларга мослаштириш, уларнинг очиқлиги ва ҳисобдорлигини оширишга қаратилган. Агробанкнинг антикоррупция бўйича амалий ишлари мазкур талаблар билан уйғун экани алоҳида қайд этилди.
Агробанкнинг Антикоррупция ойлиги доирасида ўтказилган “Очиқ эшиклар куни” тадбири коррупцияга қарши кураш фақат расмий қарорлар эмас, балки очиқ мулоқот, жамоатчилик иштироки ва амалий ташаббуслар орқали самарали бўлишини яна бир бор намойиш этди.
Банк тизимида шаффофликни ошириш, ходимлар масъулиятини кучайтириш, рақамли хизматларни кенгайтириш ҳамда давлат органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш коррупцияга қарши курашнинг натижаларини кафолатлайдиган муҳим омилдир.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
Аслиддин Алижонов (сурат)
ЎзА