Президент ташаббуслари – амалда
Ўн-ўн беш йил олдин далага қишлоқнинг чорвасини ҳайдаб чиққан подачининг яйлов билан боғлиқ муаммоси йўқ эди. Кечагина сабзи-пиёз, помидор-бодринг экиб, мўл ҳосил олаётган бободеҳқон бугунги бебаракаликдан ҳайрон. Экиннинг жони сув билан, қишлоқ хўжалигида ҳам оби-ҳаётсиз ишнинг ривожи бўлмайди. Боғига нотаниш “дард” оралаб, етилаётган мевалари сифатсиз бўлаётган боғбоннинг ҳолини кўринг.
Боғдан-тоғдан мисол келтирилган бу каби ҳолатларни қишлоқ хўжалигидаги айрим муаммолар бир-бири билан боғлаб туради.

Ҳозирги кунда аграр соҳа жаҳон миқёсида кўплаб мураккаб ва долзарб муаммоларга дуч келмоқда. Бу муаммолар нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги, балки иқтисодий барқарорлик ва атроф-муҳит мувозанати учун ҳам жиддий таҳдид солмоқда. Айниқса, глобал иқлим ўзгариши, сув танқислиги, ер ресурсларининг етишмаслиги ва аҳоли сонининг ўсиши каби омиллар аграр соҳадаги муаммоларни янада кучайтирмоқда.
Қишлоқ хўжалигида сув асосий ресурс ҳисобланади. Бироқ дунёда сув манбалари тобора камайиб, самарасиз суғориш тизимлари катта йўқотишларга сабаб бўлмоқда.

Ортиқча ишлов бериш, нотекис минерал ўғитлаш ва ерни узлуксиз эксплуатация қилиш оқибатида ернинг табиий ҳосилдорлиги пасаймоқда. Баъзи мамлакатларда катта майдонлар бутунлай яроқсиз ҳолга келган.
Етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш ва бозорга чиқариш жараёнлари етарли даражада ривожланмаган давлатлар ҳам кўп. Бу эса маҳсулот йўқотишларига ва фермерларнинг даромади камайишига олиб келяпти.
Ота-боболаримиз атрофга қараб фикр қилиш, билмаганни сўраб-суриштириб ўрганиш лозимлиги ҳақида кўп гапиришган. Шундай экан, дунёдаги бу вазиятдан хулоса чиқармоқ лозим. Зеро, Ўзбекистон шу она сайёрамизнинг бир қисми, унда кузатилаётган муаммолар бизга ҳам бегона эмас.

Президент Шавкат Мирзиёев яқинда қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга оид тақдимот билан танишганда ҳам қатор масалаларни ҳал қилиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берган эди. Шунингдек, унда мамлакатимиз аграр соҳаси ривожига хизмат қилувчи бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Дунё тажрибасида ҳам халқаро ташкилотлар орқали мамлакатлар ўртасида тажриба алмашиш, молиявий ва техник ёрдам кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги ўз исботини топмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимиз агросаноати самарадорлик ва бозор муносабатлари жиҳатидан ислоҳ қилинаётгани эътиборга молик. Қишлоқ хўжалигига замонавий агротехнологиялар, фан ютуқлари изчил жорий қилинмоқда.
Бизда қишлоқ хўжалиги бўйича ўн тўртта илмий институт, эллик бешта уруғчилик хўжалиги мавжуд. Шундай даргоҳлар бўлгани билан янги нав ва агротехнология масаласида ҳал қилиниши керак бўлган масалалар бор. Деҳқонларимизнинг маҳаллий уруғдан манфаат кўрмагани учун чет элникини олиб экаётгани ҳам сир эмас. Зеро, юқори ва сифатли ҳосилдорликнинг муҳим омили уруғчилик саналади. Бу борада қишлоқ хўжалиги академияси экинлар уруғи ва кўчатчилигида катта тажрибага эга Хитой билан ҳамкорлик қилиш режалаштирилмоқда.
Юқори Чирчиқ туманида шу мамлакат тажрибаси асосида уруғчилик ва кўчатчиликни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Бунинг учун етарли сармоя киритилади. Натижада пахта, буғдой, шоли, макка, узум ва мева навлари кўпайтирилади. Уруғ олишдан бошлаб, уни замонавий техника ва дронлар ёрдамида экиш, дорилаш, йиғиш ва қайта ишлаш бўйича намунавий ҳудуд ташкил қилиш кўзда тутилмоқда.
– Давлатимиз раҳбаридан қишлоқ хўжалигида илм-фан, инновацияларни жорий қилишда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича топшириқлар олинган, – дейди қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов. – Яқинда мутахассисларимиз Хитой, Италия, Япония каби мамлакатларда бўлиб, илмий институтлар, йирик компания ва хўжаликлар тажрибасини ўрганди. Натижада янги, истиқболли ҳамкорлик дастурлари ишлаб чиқилди. Бунинг учун маблағлар йўналтириш масалалари ҳам ҳал қилинган. Малакали кадрлар масаласи соҳада ҳам бор. Бу борада Италия, Германия, Англия, Япония каби давлатларда яхши таълим тизими мавжуд. Ушбу мамлакатлардаги тажрибаларни ўрганиш мақсадида қатор олийгоҳлар билан ҳамкорлик қилиб келинади. Бу тажрибаларимиз изчил давом эттирилади. Халқаро тажрибани ўрганишда ўқиб, ишлаш дастурлари ҳам қўл келади.
Давлатимиз раҳбари мамлакат тараққиётига, халқимиз турмуш-тарзи ўсишига хизмат қиладиган ташаббусларни ҳар домим қўллаб-қувватлаб келади. Президент навбатдаги тақдимотда ҳам бир қатор режаларни маъқуллади. Бундай ҳамкорликни Венгрия, Нидерландия, Канада, Австралия, Жанубий Корея каби агросаноат ривожланган давлатлар билан ҳам кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Хулоса оддий, аграр соҳадаги муаммоларни бартараф этиш учун тизимли, узоқ муддатли ва инновацион ёндашув талаб этилади. Давлатлар, халқаро ташкилотлар ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик бу соҳада барқарор ривожланишга эришишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири