Афв — адолат ва инсонпарварликнинг юксак ифодаси
Муносабат
Табиатнинг қайта жонланишини англатувчи Наврўз ва руҳий покланиш тимсоли бўлмиш муборак Рамазон ҳайити арафасида давлатимиз раҳбари томонидан “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармон имзолангани халқимизга хос кечиримлилик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик фазилатларининг яна бир амалий тасдиғи бўлди. Мазкур ҳужжат замирида давлатимизнинг инсон қадрига бўлган чексиз ҳурмати, демократик қадриятларга содиқлиги ва “Инсон қадри учун” тамойилининг ҳаётий ифодаси мужассам.
Фармонга мувофиқ, жами 392 нафар шахс афв этилди. Уларнинг 223 нафари асосий жазодан тўлиқ озод қилинган бўлса, 82 нафари муддатидан илгари шартли озод этилди. Шунингдек, 34 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди, 53 нафарининг эса жазо муддатлари қисқартирилди. Бу рақамлар шунчаки статистика эмас, балки юзлаб оилалар қалбидаги умид ва юзлаб инсонлар учун ўз тақдирини эзгулик томон буриш имкониятидир.
Афв этилганлар орасида 26 нафар аёлнинг борлиги алоҳида аҳамиятга эга. Бу — оила чироғи бўлган аёлларнинг ўз хонадонига қайтиши, фарзандларнинг она меҳридан баҳраманд бўлиши демакдир. 14 нафар кекса ёшдаги отахонларнинг афв этилиши эса халқимизнинг катталарга ҳурмат ва меҳр-оқибат каби азалий қадриятларини намоён этади. Айниқса, афв этилганлар орасида 166 нафар ёшнинг борлиги диққатга сазовор. Адашган йигит-қизларга берилган иккинчи имконият — уларнинг келажагини қуриш учун очилган янги эшикдир. Бу давлатимиз ёшлар сиёсатининг нечоғлик ҳаётий ва инсонпарвар эканидан далолат беради.
Афв этилганлар ичида тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган 24 нафар шахснинг борлиги давлатимиз бағрикенглигининг юксак намунасидир. Янги Ўзбекистонда қилмишига пушаймон бўлиб, тўғри йўлга ўтган ҳар бир инсонга имкон бериш — давлат сиёсатининг муҳим устунидир. Зеро, ҳақиқий адолат фақат жазолашдан эмас, балки хатосини англаган инсонни жамиятга қайтариш ва унинг оилавий бағрибутунлигини таъминлашдан иборатдир.
Фармонда афв этилган шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, уларни фойдали меҳнат билан банд қилиш ва соғлом турмуш тарзига қайтариш бўйича масъул идораларга аниқ вазифалар юклатилган. Зотан, инсонни афв этишнинг ўзи етарли эмас, унинг келажакка ишончи ва муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароит яратиш ҳам ғоят муҳимдир.
Афв этилган шахсларнинг касб-ҳунар эгаллаши ва бандлик билан таъминланишида маҳалла фаоллари ҳамда ҳудудий партия ташкилотларимизнинг амалий кўмаги зарур бўлади. Хусусан, бандлик дастурларини ташкил этиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва психологик мадад бериш ишларида фаол иштирок этадилар.
Бугун Янги Ўзбекистон ислоҳотлари марказида инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари турибди. Мазкур Фармон ана шу эзгу тамойилларнинг амалий ифодаси сифатида халқимиз қалбида чуқур эҳтиром уйғотди. Ишонамизки, афв этилган фуқаролар ўзларига билдирилган ишончни оқлаб, Ватан равнақи йўлида ҳалол меҳнат қиладилар.
Робахон Маҳмудова,
"Адолат" СДП Сиёсий кенгаши раиси