Афғонистон ва Покистон ҳукуматлари чегара ҳудудида содир бўлган қуролли тўқнашувдан сўнг вақтинча амал қиладиган сулҳ тузиб олди. Бу ҳақда ҳар икки мамлакат ташқи ишлар идоралари маълум қилди.
Покистон ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, 48 соатлик келишув чоршанба куни соат Гринвич вақти билан 13:00 дан кучга кирган. Толибон ҳукумати эса “оташкесим Покистон томони ташаббуси билан амалга оширилгани”га урғу берди.
Аввалроқ Афғонистоннинг Қандаҳор ва Кобул шаҳарларидаги портлаш ҳамда чегарадаги ҳарбий ҳаракат оқибатида 12 нафар бегуноҳ фуқаро ҳалок бўлгани, 100 дан зиёд одам яралангани ҳақида хабар қилинганди. Ҳар икки томон бир-бирини қуролли тўқнашувни бошлашда айблади.
Покистон армияси маълумотида Спин-Болдак чегара туманида 15-20 нафар толибон аскари йўқ қилингани келтирилган. Афғонистон ҳукумати эса “бир нечта покистонлик ҳарбий ҳалок бўлгани”ни билдирган. Ҳеч бир томоннинг йўқотиши мустақил ёки бетараф манбалар томонидан тасдиқланмаган.
Оммавий ахборот воситалари ёзишича, чоршанба тонгидаги Спин-Болдак тўқнашуви беш соат давом этган. Жангда дрон ва самолётлардан фойдаланилган. Жойлардаги шифокорлар 7 нафар жонсиз, 36 яраланган фуқаро қабул қилинганини қайд этган.
Покистон расмий ОАВ Қандаҳор ва Кобул ҳудудларида ҳаво ҳужуми амалга оширилгани тўғрисида хабар берган бўлса-да, бу маълумот армия ёки Толибон ҳукумати томонидан расман тасдиқланмади.
Ҳозирча ҳар икки мамлакат ижтимоий тармоқда бир-бирини айбловчи маълумот тарқатишда давом этяпти. Интернетда чегара тўқнашуви ва ёниб кетган ўтиш манзиллари акс этган тасвирлар тарқалган. Лавҳалар ҳаққонийлиги ҳали тасдиқланмаган.
Халқаро ҳамжамият томонидан эскалацияга йўл қўймасликка чақириқлар янграмоқда. БМТнинг Афғонистондаги инсон ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиси Ричард Беннет томонларни “ҳаддан зиёд куч ишлатмаслик, оддий фуқароларни ҳимоя қилиш”га чорлади. Хитой ва Россия расмийлари ҳам вазиятни барқарорлаштириш учун мулоқот ва дипломатик чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади.
Покистон сўнгги йилларда Афғонистон ҳукумати “Покистон Толибон ҳаракати” аъзолари ўз ҳудудида фаолият юритишига йўл қўяётганидан норозилик билдириб келмоқда. Афғонистон эса бу айбловни рад этиб, мамлакат ҳудудидан бошқа давлатларга қарши амалиётда фойдаланишга йўл қўйилмаслигини таъкидлаб келади.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА