Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Навоий вилоят филиали томонидан “Адолатли ва халқчил давлат фуқаролик хизмати сари” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Таъкидланганидек, юртимизда “Ўзбекистон – 2030” стретагиясининг тўртинчи йўналишига мувофиқ халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 19 июнь куни давлатимиз раҳбарининг “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармон билан давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси, мазкур стратегияни амалга ошириш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар ҳамда бир қатор тартиблар ва Низомлар тасдиқланди.
– Албатта мазкур фармон Давлат фуқаролик хизматини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш, давлат хизматчилари ишини натижадорликка йўналтириш, аҳолининг давлат хизматига бўлган ишончини янада ошириш, соҳага истиқболли кадрларни жалб қилиш ва уларни профессионал мутахассис этиб тайёрлашнинг самарали тизимини жорий қилиш, шунингдек, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, – дейди филиал раҳбари ўринбосари Шерзод Жумаев. – Бугунги кунда агентлик томонидан давлат органлари ва ташкилотларида кадрларни давлат фуқаролик хизматига меритократия тамойили асосида қабул қилиш тизими доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда. Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали– vacancy.argos.uz яратилган ва ушбу портал давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимларни муносиб кадрлар билан тўлдириш учун “бир дарча” тамойили асосида фаолият кўрсатмоқда.
Анжуманда филиал томонидан 2025 йилнинг 1-ярим йиллигида Навоий вилоятида давлат фуқаролик хизматини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар ва келгусида режалаштирилган устувор вазифалар юзасидан маълумотлар тақдим этилди.
Ҳозир давлат хизматига энг муносибларни танлаб олишга алоҳида эътибор қаратилган. Ўтган давр мобайнида вилоят бўйича 49 та ташкилотда вакант лавозимлар учун 23 минг 748 нафар номзод ҳужжат топширган. Ўтказилган танловларда 12 минг 361 нафари тест, 3 минг 412 нафари суҳбат босқичларида иштирок этди. Уларнинг 251 нафари давлат хизматига қабул қилинди.
Шунингдек, филиал томонидан давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиниши, ўтказилган танловларнинг ташкил этилиши юзасидан олиб борилган ўрганишлар жараёнида 123 та қонунбузилиши ҳолати аниқланди. Натижада ташкилотларга 25 та тақдимнома, 63 та огоҳнома, 2 та маъмурий таклиф киритилди. Якунда 30 нафар давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқлари тикланди, 1 нафар ходим ишга тикланди, 1 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилиниб, танлов натижалари ҳақиий эмас деб топилди. 1 нафар ходим интизомий, 2 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилди. 36 нафар номзоднинг танловга қатнашиш ҳуқуқи тикланди.
Муносиб кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида эса “zaxira.argos.uz” ҳамда kadrlar.argos.uz платформалари ишга туширилган бўлиб, вилоятда 21 нафар вилоят ҳокими ўринбосарларига, 36 нафар туман (шаҳар) ҳокимлари лавозимлари учун 57 нафар номзодлар “Миллий кадрлар захираси”га киритилган.
[gallery-24033]
– Филиалимиз томонидан давлатимиз раҳбарининг юқорида қабул қилинган фармони ижросини таъминлаш, Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясига мувофиқ давлат органларида кадрлар билан ишлашнинг замонавий усул ва механизмларини жорий этиш, танлов тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди филиал бош инспектори Аброр Латипов. – Бунда тизимда инклюзивликни, тест ва суҳбат жараёнларида эса объективликни ошириш, давлат органларида салоҳиятли ва истиқболли раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда янги авлод кадрларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш биринчи навбатдаги вазифамизга айланган. Шунингдек, Давлат фуқаролик хизмати ташкилотларининг “жозибадор иш берувчи сифатидаги бренди”ни яратиш ҳам устувор режаларимиздан биридир.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари