Самарқанд вилоятида “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари ва депутатлари юртимизда ўтказилаётган коррупцияга қарши курашиш ойлиги доирасида ўз сайлов округларида, ташкилот ва муассасаларда аҳоли билан учрашувлар ўтказиб, мазкур иллатга қарши биргаликда курашиш юзасидан тарғибот ишларини олиб бормоқда.
Жумладан, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Наргиза Кенжаева Пахтачи тумани Абу Али Ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумида ташкил этилган учрашувда мазкур таълим муассасалари жамоаси ҳамда ҳудуддаги маҳаллалар фаолларига юртимизда коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

– Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, коррупцияни юзага келтирадиган сабаб ва оқибатларнинг олдини олишга биз депутатлар ҳам масъулмиз, – дейди Н.Кенжаева. – Кучли жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали биз ҳам қонун устуворлигини таъминлашга ҳисса қўшишимиз мумкин. Қолаверса, аҳолининг, кенг жамоатчиликнинг фаоллиги, ноқонуний хатти-ҳаракатларга нисбатан муросасизлиги коррупциянинг олдини олишнинг муҳим омили ҳисобланади. Учрашувларда айни шу жиҳатлар халқимизга тушунтирилмоқда.
Самарқанд давлат чет тиллари институтида ўтказилган тадбирда эса партия сиёсий кенгаши ва вилоят ташкилоти масъуллари “Адолат” социал-демократик партияси сайловолди дастурининг асосий йўналишларидан бири айнан коррупцияга қарши курашиш эканлигини таъкидлаб, бу борада олиб борилаётган ишлар, келгуси вазифаларга тўхталди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири